Европанинг тақдири табиатга боғлиқ – “Bloomberg”
Олам
−
06 Август 2022
9640Россия дунё мамлакатларини суюлтирилган табиий газ (СТГ) ва кўмир билан етарли даражада таъминлаш учун пойгалардан воз кечар экан, Европанинг келаётган қишда совуқда қолмаслиги кўп жиҳатдан табиатга, сўнгра Осиёнинг учта давлати – Япония, Жанубий Корея ва Хитойга боғлиқ бўлади. Бу ҳақда “Bloomberg” ахборот агентлиги ёзмоқда.
Денгиз кўмири ва суюлтирган табиий газнинг дунёдаги энг йирик импортчилардан бўлган ушбу уч Осиё мамлакати келаётган қишда энергия ресурсларини Европа билан бўлишиши мумкин. Метеорологлар қишки об-ҳаво шароитлари ҳақида аниқ прогнозлар айтишига ҳали эрта, бироқ уч мамлакатда ҳароратнинг кескин пасайиши ҳақидаги ҳар қандай прогноз СТГ ва кўмир учун янада қизғин курашни келтириб чиқариши мумкин.
Россиянинг Украинага бостириб кириши жаҳон савдо оқимини тўхтатиб, кўмир ва табиий газ нархининг рекорд даражада кўтарилишига сабаб бўлганидан кейин ёқилғи учун халқаро рақобат кучайди.
Нашрнинг ёзишича, Европа Комиссияси келгуси ҳафтадан бошлаб Россия кўмирига тўлиқ тақиқ қўяди. Россиянинг “Газпром” трансмиллий компанияси Европага газ оқимини қисқартирди. Россия тарихан Европа Иттифоқига газнинг энг йирик етказиб берувчиси бўлган ва талабнинг қарийб 40 фоизини қоплаган.
“Албатта, об-ҳаво, айниқса, Япония ва Корея учун катта хавфдир. Россиянинг Европага газ етказиб бериш даражаси пастлигича қолгани ҳолда қишнинг одатдагидан совуқроқ бўлиши, нархларнинг кескин ошишига олиб келиши мумкин. Чунки қўшимча маҳсулотларни топиш жуда қийин бўлади”, дейди “Bloomberg” энергия таҳлилчиси Абхишек Рохатги.
Европа давлатлари қишга тайёргарлик кўриш, газ истеъмолини қисқартириш ва захираларини тўлдириш учун суюлтирилган газ импортини кўпайтирмоқда. Шунингдек, кўмирдан энергия олувчи иссиқлик электр станцияларини қайта ишга туширишни бошлаган. Шу ўринда Осиё давлатлари, хусусан, Хитой ўзида ишлаб чиқариш кўпайгани ҳамда коронавирус сабаб кузатилаётган иқтисодий пассивлик сабаб кўмир ва суюлтирилган газ импортини қисқартиргани, Европага қўл келмоқда.
Бундан ташқари, Осиёнинг учта давлати ҳам қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқаришни кўпайтирди. Япония ва Жанубий Корея май ойида қуёш энергетикасидан рекорд даражада фойдаланди. Хитой йилнинг биринчи ярмида гидроэнергетика истеъмоли кўпайгани сабаб кўмир ёқишни камайтирди.
Шунга қарамай, Европадан қўшимча харидлар бу йил газ ва кўмир нархларини рекорд даражага кўтарди. Қишда рақобат янада шиддатли бўлиши мумкин.
“Bloomberg” маълумотларига кўра, Япония ва Жанубий Корея газ ғамлашни бошлагандан сўнг, энергия ресурслари харидини кўпайтириши мумкин. Япониянинг кўмир захиралари ҳам жуда паст ва икки давлат йил охиригача электр станциялари учун ёқилғи сотиб олиш кутиляпти.
Агентлик энергия таҳлилчиси Али Асқарнинг таъкидлашича, Япония ва Корея кўмир учун Европа билан курашади.
Муҳайёхон Ҳабибуллаева
LiveБарчаси