Европадаги энг катта вулқон отилди (видео)
Олам
−
11 Август 2021
8553Жорий йилнинг 9 августида Италиянинг Сицилия оролидаги Этна вулқони отила бошлади. Вулқон ҳодисаси тунги соат 01:40 да бошланган ва тахминан соат 05:00 да тўхтаган. Бу ҳақда “Rai News” хабар берди.
Миллий геофизика ва вулқоншунослик институтига тегишли Этнео расадхонасининг маълумот беришича, Европадаги энг катта вулқондан отилган лава оқими жуда юқори бўлган. Лава Этна вулқонининг жанубий-шарқий кратеридан ёйила бошлаган, шунингдек, тонгги соат 03:00 дан эса, жануби-ғарбий йўналишга ҳам кенг тарқалган.
Вулқон отилган вақтда ҳудудда 4,5 магнитудали зилзила қайд этилган. Аэропортлар ишлаяпти, аммо ҳодиса оқибатида Катания аэропортидан амалга ошириладиган рейслар кечиктирилган. Маълумотларга кўра, отилган вулқон денгиз сатҳидан 3357 метр баландликка етган ва рекорд ўрнатган.
Қайд этилишича, Сицилиядаги ушбу вулқон 2021 йил июль ойида ҳам отилганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 август куни Индонезиянинг Ява оролида жойлашган Мерапи вулқони отилгани ҳақида хабар бергандик. Мерапи вулқонида тахминан 7 марта лава отилиши кузатилган. Ҳодиса оқибатида ҳудуддаги бир нечта аҳоли пунктлари зарарланган ва 5 км радиусда истиқомат қилувчи аҳоли эвакуация қилинганди.
Дурдона Пирназарова
LiveБарчаси