Европада жазирама қурбонлари 10 мингдан ошди
Олам
−
13 июл 724 2 дақиқа
Европанинг ғарбий қисмини жорий йил июнь ойининг охирида қамраб олган рекорд даражадаги жазирама оқибатида 10 мингдан ортиқ одам вафот этди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 22–28 июнь кунлари Европанинг 27 давлатида жами 10 минг 650 нафар одам вафот этган. Уларнинг 9 мингдан ортиғи 65 ёш ва ундан катта фуқаролар бўлган. Маълумотлар Европа Касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш маркази ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўмагида фаолият юритувчи EuroMOMO тармоғи томонидан эълон қилинган.
Мутахассисларнинг айтишича, кучли жазирама иссиқ уриши, шунингдек, юрак-қон томир ва нафас йўллари касалликларини оғирлаштириши мумкин. Айниқса, кексалар бундай об-ҳаводан энг кўп зарар кўрадиган қатлам ҳисобланади.
Даниянинг Statens Serum Institut бош шифокори Лассе Вестергаардга кўра, йилнинг ушбу даврида бундай кўрсаткич кузатилиши одатий ҳол эмас.
“Бундай юқори кўрсаткични кучли жазирамадан бошқа омил билан изоҳлаш қийин”, деган у.
Олимларнинг таъкидлашича, июнь ойининг охиридаги бундай иссиқ тўлқини инсон фаолияти сабаб юзага келаётган иқлим ўзгаришисиз деярли кузатилмаган бўларди. Глобал исиш туфайли жазирама тўлқинлари тобора тез-тез ва кучлироқ содир бўлмоқда.
Қайд этилишича, EuroMOMO маълумотлари 27 мамлакатнинг миллий статистикалари асосида тузилган бўлиб, улар фақат иссиқлик билан боғлиқ эмас, балки барча сабаблар туфайли қайд этилган ўлимларни қамраб олади.
Ташкилот алоҳида давлатлар бўйича рақамларни эълон қилмаган. Бироқ июнь ойининг охирги ҳафтасида Франция ва Бельгия энг юқори ўлим кўрсаткичлари қайд этилган давлатлар бўлган. Бельгияда эса бу 2000 йилдан буён жазирама даврларидаги энг юқори кўрсаткич сифатида қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июнь ойида Европани қамраб олган кучли иссиқ тўлқини даврида Франция, Бельгия ва Нидерландияда дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, камида 3 минг 700 нафардан ортиқ ўлим ҳолати қайд этилган эди.
Шунингдек, Германияда 2026 йил бошидан буён кучли жазирама сабабли тахминан 5 минг 120 киши вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси