Европада ўзбек биржасининг биринчи савдо майдончаси очилди
Жамият
−
10 Июнь 2021
3255Латвиянинг Рига шаҳрида илк бор “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси”нинг хорижий савдо майдончаси очилди. Бу ҳақда биржа Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Латвиянинг Рига шаҳрида илк бор “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ нинг хорижий савдо майдончаси очилган. Биржанинг янги хорижий савдо майдончаси таъсисчиси Латвиянинг ООО “Shipleart” (AP Holding) компанияси бўлган.
Биржанинг янги савдо майдончасини ишга туширилиши билан буғдой, шакар, пахта ёғи ва бошқа маҳсулотларини биржанинг электрон савдо тизимлари орқали эркин импорт қилиш, шунингдек, нефт маҳсулотлари, қора металлар, кимёвий маҳсулотлар, электротехника машиналари ва ускуналарини экспорт қилиш имкониятлари очилмоқда. Бунда хорижий компаниялар биржа савдолари ва электрон тижоратнинг бозор механизмлари имкониятларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон товар бозорларига тўғридан-тўғри чиқишлари мумкин.
Маҳаллий товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорларимиз ўз навбатида, хорижда фаолият юритаётган биржа савдо майдончаларининг биржа ва маркетинг хизматларидан фойдаланиб, ўз маҳсулотларини ташқи бозорларга самарали усул билан олиб чиқишлари ҳам мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг халқаро савдо тармоғи Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси ва Хитой Халқ Республикаси, Тожикистон Республикаси ва Украинада жойлашган биржа офисларини ўз ичига қамраб олади. Ҳозирги кунда "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖ халқаро савдо тармоғи 15 та хорижий савдо майдончаларидан иборат.
Маълумот учун, хорижий савдо майдончалари бу электрон биржа савдоларининг ягона тизимига уланган биржанинг масофадаги савдо марказларидир. Улар тадбиркорларга биржа савдоларида эркин қатнашиш ҳуқуқини ва биржа битимларни мустақил равишда рўйхатдан ўтказиш имкониятини беради.
LiveБарчаси