Европа компаниялари уруш бошланганидан бери қанча йўқотгани айтилди
Олам
−
07 Август 2023 4749 2 дақиқа
Россиянинг Украинага уруши бошланганидан бери Европа компанияларининг Россия Федерациясидаги фаолияти билан боғлиқ тўғридан-тўғри йўқотишлари камида 100 миллиард еврони ташкил этди. Бу ҳақда “Financial Times” 600 та энг йирик компаниянинг молиявий ҳисоботларига таяниб хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Европанинг 176 та компанияси ўз активларининг амортизацияси, биржа билан боғлиқ ҳамда бизнесни сотиш, ёпиш ёки қисқартириш билан боғлиқ харажатларга дуч келган.
Энг катта йўқотишларга энергетика корхоналари дуч келган. Хусусан, BP, Shell ва TotalEnergies жами 40,6 миллиард евро зарар кўрган. Бироқ улар нефть ва газ нархининг юқорилигидан харажатлар ўрнини фойда билан қоплашга муваффақ бўлган.
Шунингдек, молия компаниялари, жумладан, банклар, суғурта ва инвестиция компаниялари катта зарар кўрди – улар 17 ярим миллиард еврога яқин маблағ йўқотган. Автомобиль ишлаб чиқарувчилари 13,6 миллиард евро миқдорида зарар кўрган.
Газетага кўра, Европа давлатлари орасида энг кўп зарар кўргани Британия компаниялари бўлиб, улар 30 миллиард евродан ортиқ зарар кўрган.
Иккинчи ва учинчи ўринларни 40 миллиарддан ортиқ йўқотган немис ва француз фирмалари эгаллайди. Италия, Ирландия ва Дания компаниялари ҳам катта йўқотишларга учраган.
Киев Иқтисодиёт мактаби маълумотларига кўра, уруш бошланганидан бери 260 дан ортиқ Ғарб компанияси Россия Федерациясини бутунлай тарк этган, 700 дан ортиғи ўз фаолиятини тўхтатган, 1400 га яқини эса аввалгидек ишлашда давом этмоқда.
Live
Барчаси