Европа Иттифоқи Россияга қарши 16-санкция пакетини қабул қилди
Олам
−
24 Февраль
4025Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 16-раундини расман қабул қилди, бу эса Украинага қарши тажовузнинг тўртинчи йилига кираётган бир пайтда Москвага босимни оширди. Бу ҳақда бугун, 24 февраль куни Европа комиссияси тегишли баёнотни эълон қилди.
“Янги пакет Россия иқтисодиётининг энергетика, савдо, транспорт, инфратузилма ва молиявий хизматлар каби асосий тармоқларига қаратилган кенг қамровли чора-тадбирларни ўз ичига олади, шунингдек, санкциялардан қочиш ва Россия дезинформациясига қарши курашни кучайтиради”, дейилади баёнотда.
Мавжуд санкцияларни четлаб ўтишга қарши курашиш чора-тадбирлари доирасида жарималар рўйхатига яна 74 та кема қўшилди (ҳозирда уларнинг умумий сони 153 тага етган). Ушбу кемалар Россиянинг энергия даромадларига ҳисса қўшган ёки “соя флоти”нинг бир қисми бўлган. Санкциялар рўйхатига киритишнинг янги мезони жорий этилди: хавфли нефть танкерларининг ишлашини қўллаб-қувватловчиларга нисбатан санкциялар қўлланилади.
Бундан ташқари, Россия ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватловчи ёки санкцияларни четлаб ўтишда иштирок этувчи 53 та янги компания учун мақсадли экспорт чекловлари жорий этилди. Уларнинг 34 таси Россиядан ташқарида жойлашган.
Қўшимча санкциялар
Рўйхатга 83 та янги юридик шахс, жумладан, Россия ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватловчи, санкцияларни четлаб ўтиш билан шуғулланувчи, крипто-активлар ва денгиз транспорти соҳасида ишлайдиган 48 та жисмоний шахс ва 35 та ташкилот киритилган.
Жазолар рўйхатига киритишнинг янги мезони қўшилди – санкциялар Россия ҳарбий-саноат комплексига кирувчи, уни қўллаб-қувватловчи ёки ундан фойда кўрувчи жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан қўлланилади.
Савдо чоралари
Савдо чораларини кучайтириш доирасида Россия алюминийининг импортига тўғридан тўғри тақиқ жорий этилмоқда:
Россиядан қайта ишланган алюминий маҳсулотларини импорт қилиш бўйича мавжуд тақиқдан ташқари, энди бирламчи алюминий импорти ҳам тақиқланган.
Икки мақсадли маҳсулотлар, жумладан, хлоропикрин ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган кимёвий прекурсорлар ва Россия томонидан Кимёвий қуроллар тўғрисидаги конвенцияни бузган ҳолда кимёвий қурол сифатида қўлланилган бошқа моддаларни экспорт қилишни тақиқлаш кенгайтирилди.
Тақиқ қурол ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган рақамли бошқариладиган машиналар учун дастурий таъминот, шунингдек, рус армияси томонидан дронларни бошқариш учун фойдаланиладиган геймпадларни ўз ичига олади.
Россияга хром рудаси ва ҳарбий мақсадларда қўлланиладиган бирикмаларни экспорт қилиш тақиқланади. Ҳарбий мақсадларда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, жумладан, минераллар, кимёвий моддалар, пўлат, шиша ва ферверкларни экспорт қилишни тақиқлаш жорий этилмоқда.
Энергия ва транспорт чоралари
Янги санкциялар тўплами Россия нефти ёки нефть маҳсулотларини Европа Иттифоқи портларида вақтинча сақлашни тўлиқ тақиқлашни назарда тутади (илгари бунга нархларнинг юқори чегараси билан рухсат берилган эди).
Россиянинг СПГ лойиҳаларини якунлаш учун товарлар, технология ва хизматларни етказиб беришни тақиқлаш “Восток Ойл” лойиҳаси каби нефть лойиҳаларини қамраб олиш учун кенгайтирилди.
Россия Федерациясига нефть ва газни қидириш ва қазиб олиш учун дастурий таъминотни экспорт қилишни тақиқлаш жорий этилмоқда.
Парвозларни тақиқлаш Россияда ички рейсларни амалга оширувчи ёки Россия авиакомпанияларига авиация товарларини етказиб берувчи учинчи давлат авиакомпанияларини қамраб олиш учун кенгайтирилмоқда.
Россиянинг Европа Иттифоқи транспорт компанияларидаги эгалик улушини 25 фоиздан оширишга тақиқ жорий этилмоқда, бу эса санкцияларни четлаб ўтиш бўшлиқларини ёпади.
Инфратузилма ва молиявий чора-тадбирлар
Тўлиқ тақиқ Россиянинг бир қатор инфратузилма объектлари, жумладан Внуково ва Жуковский аэропортлари, тўртта минтақавий аэропортлар, Астрахан ва Махачқалъа портлари, шунингдек, Уст-Луга, Приморск ва Новороссийск денгиз портлари билан молиявий операцияларга тааллуқлидир.
Европа Иттифоқи операторларидан Россия компаниялари учун қурилиш хизматлари тақиқланади. Европа Иттифоқи яна 13 та Россия банкини SWIFT халқаро тўлов тизимидан узди.
Уларнинг номлари ошкор этилмаган, бироқ Европа Кенгашининг пресс-релизида улар “Россия молия ва банк тизими учун муҳим ҳисобланган минтақавий банклар” экани таъкидланган.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Марказий банк томонидан SWIFT'нинг маҳаллий аналоги сифатида яратилган Молиявий хабарлар тизимига (СПФС) қарши санкцияларни кенгайтирди ва тизимдан фойдаланадиган учинчи мамлакатларнинг кредит ёки молия институтлари учун транзакцияларни тақиқлади.
Дезинформацияга қарши кураш
Европа Иттифоқидаги ёки Европа аудиториясига қаратилган яна саккизта ташвиқот воситалари “Россиянинг Украинага қарши агрессиясини қўллаб-қувватлагани ва оқлагани” учун фаолияти тўхтатилган.
Европа Кенгаши сайтида чоп этилган пресс-релизга кўра, EADaily / Eurasia Daily, “Fondsk”, “Lenta”, “NewsFront”, “RuBaltic”, “SouthFront”, “Strategic Culture Foundation” ва “Красной звезды”га қарши санкциялар жорий этилган.
Уларнинг Европа Иттифоқидаги радиоэшиттириш лицензиялари тўхтатилган. Бироқ, жорий этилаётган чора-тадбирлар ушбу оммавий ахборот воситалари ва уларнинг ходимларининг “ЕИда трансляциядан ташқари, тадқиқот ўтказиш ва интервю бериш каби фаолиятни амалга оширишига” тўсқинлик қилмайди.
LiveБарчаси
Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси қайта тайинланди.
15:49
Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолашга оид қарор лойиҳаси эълон қилинди.
14:35