Евроиттифоқ комиссари Ўзбекистонга келади

Олам

image

Европа Иттифоқининг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Жозеф Сикела 12-18 март кунлари Марказий Осиё мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистонга ҳам ташриф буюради. Бу ҳақда у ўзининг Х ижтимоий тармоғида ёзиб қолдирди.

Унинг ёзишича, ташриф доирасида комиссар 7 кун ичида бешта давлатга ташриф буюради.

“Марказий Осиё Европа Иттифоқи учун муҳим ҳамкордир ва бизнинг ҳамкорлигимиз келажакда катта потенциал очади. Жорий глобал чақирувлар ҳеч қачон бизнинг мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларига бўлган эҳтиёжни шундай таъкидлаб кўрсатмаган. Мана, мен ўз миссиям давомида айнан шуни мустаҳкамлашни мақсад қилганман”, деган у ўз постида.

Қайд этилишича, Сикела ушбу ташриф давомида ЕИ ва Марказий Осиё мамлакатлари биргаликда амалга ошираётган асосий лойиҳаларга эътибор қаратади. Улар орасида технологияларни ривожлантириш ва муҳим хомашё соҳасида иш ўринлари яратиш, рақамли ўзаро боғлиқликни кенгайтириш, хавфсиз юқори тезликдаги интернетга киришни яхшилаш, шунингдек, сув ресурслари, энергетика ва экология соҳаларида лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш киритилган.

Унинг саёҳати Туркманистондан бошланади. Унда комиссар ҳукумат ва бизнес вакиллари билан музокаралар олиб боради, шунингдек, Транскаспий транспорт йўли учун стратегик объект бўлган “Туркмангала” портига боради.

Қолаверса, у Қозоғистонда ҳукумат вакиллари билан учрашади ва транспорт ва муҳим хомашё соҳаларида икки томонлама ва минтақавий келишувларни имзолашда иштирок этади. Тожикистонда эса Сикела мамлакат раҳбарияти билан бир қатор учрашувлар ўтказиб, яшил энергия ва тўқимачилик саноати соҳаларида лойиҳаларни имзолашни режалаштирган.

Қирғизистонда комиссар сув ресурслари, энергетика, транспорт ва инсоний салоҳиятни ривожлантириш соҳаларидаги инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилади ва “Қамбарота-1” гидроэлектр станциясини қуришда молиявий ёрдамни муҳокама қилиш учун халқаро молиявий институтлар вакиллари билан учрашади.

Маълум қилинишича, ушбу ташриф Ўзбекистонда якунланади, бу ерда ҳукумат билан музокаралар олиб борилади. “Олмалиқ” тоғ-металлургия комбинатини зиёрат қилади, шунингдек, Европа ва ўзбек бизнес вакиллари билан учрашади.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Ўзбекистон Қирғизистон ташриф Туркманистон Жозеф Сикела Транскаспий транспорт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг