ЕТТБ яқинда тарихда тақиқда бўлган ўзбек пахтасини сотишда кўмаклашмоқчи

Жамият

image

Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистон пахтасига хорижий хусусий сектор компанияларини жалб этиш борасида кўмаклашишга тайёр. Бу ҳақда кеча, 22 март куни Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун мамлакатга келган ЕТТБ Президенти Одиль Рено-Бассо Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов билан учрашувда маълум қилди.

Учрашувда ЕТТБ молиявий ресурсларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистонда умумий қиймати 1,7 млрд еврога тенг 57 та лойиҳани амалга ошириши айтилган.

Бундан ташқари, ЕТТБ Президенти “Cotton Campaign” халқаро коалицияси томонидан ўзбек тўқимачилигига эълон қилинган бойкотнинг бекор қилинишини олқишлаб, Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишга хорижий хусусий сектор компанияларини жалб этиш борасида кўмаклашишга тайёрлигини билдирган.

Шунингдек, Банк Бошқарувчилар Кенгашининг шу йил Маррокаш шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги йиллик йиғилишини ўтказиш билан боғлиқ масалаларга ҳам тўхталиб, Ўзбекистоннинг инвестициявий истиқболларига бағишланган алоҳида сессияни ташкил этишга келишиб олинган. 

“Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш соҳасида муносабатларни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди. ЕТТБ Президенти Банк томонидан гендер тенглиги масалаларини ҳал этиш бўйича лойиҳа ва дастурларга инвестицияларни кўпайтириш ҳамда уларнинг умумий инвестиция ҳажмидаги улушини 40 фоизгача оширишни режалаштираётганлигини маълум қилди. Шу нуқтаи назардан, Банк раҳбарияти “Аёллар бизнесда” дастурини кенгайтириш ва аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун мамлакатимиз тижорат банкларига мақсадли кредит линиялари тақдим этиш орқали Ўзбекистонда аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини қўллаб-қувватлашни кучайтиришга тайёрлигини билдирди”, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, конструктив мулоқот чоғида "яшил" энергетика, тоғ-кон саноати, транспорт ва фармацевтика соҳаларида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва қўшма лойиҳалар сонини кўпайтириш масалалари кўриб чиқилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

274

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг