Ёшларга имконият – кўпайиб қайтадиган натижа

Жамият

image

Бугун Янги Ўзбекистон тараққиёт йўлида қўлга киритилаётган ютуқлар ортида ёш авлоднинг куч-ғайрати, янги ғоялари ва замонавий қарашлари турибди. Бу ютуқларнинг асоси эса ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, қўллаб-қувватлаш механизмлари ва уларнинг салоҳиятини тўла рўёбга чиқаришга қаратилган давлат сиёсатидир. 

Аҳолимизнинг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этиши бу йўналишдаги ишлар қай даражада долзарб эканини яққол кўрсатади. Ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингдан ортиқ ёшлар қадам қўяётгани улар учун муносиб иш ўринлари яратиш ва ижтимоий ҳимоя масаласи ҳаётий заруратга айланиб бораётганини англатади.

Сўнгги йилларда ёшлар тадбиркорлигида сезиларли ўсиш кузатилди. Ёш тадбиркорлар сони 3 карра кўпайиб, бизнес вакилларининг 40 фоизини ёшлар ташкил этаётмоқда. Ёшлар саноат зоналари ва технопарклари орқали ўз ғояларини ҳаётга татбиқ этиб, янги ишлаб чиқариш йўналишлари ва хизмат кўрсатиш соҳаларида илғор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Бундай инфратузилмалар ёшлар учун технологик ва моддий база бўлиб хизмат қилмоқда.
Ёшлар учун бандлик имкониятлари нафақат тадбиркорликда, балки қишлоқ хўжалигида ҳам кенгаймоқда. Масалан, томорқадан самарали фойдаланиб, 100 миллион сўмдан ортиқ даромад олган ёшларга соддалаштирилган тартибда ер ажратилиши уларнинг меҳнат унумдорлиги ва иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.

Шунингдек, ёшлар тадбиркорлиги учун ажратилган 100 миллион долларлик жамғарма ва имтиёзли кредитлар тизими ёшларнинг ишга муҳтожлигини камайтиришга қаратилган амалий қадамдир. Муҳим жиҳати шундаки, бу кредитларнинг камида 30 фоизи хотин-қизлар тадбиркорлигига йўналтирилиши уларнинг иқтисодий мустақиллиги ва жамиятдаги фаоллигини янада кучайтириш имконини бермоқда. Бунинг ортидан нафақат янги бизнеслар пайдо бўлмоқда, балки ишсизликни камайтиришга хизмат қиладиган минглаб янги иш ўринлари яратилаётгани эътиборга лойиқ.

Креатив иқтисодиёт соҳаларидаги фаолиятда ёшларнинг улуши 98 фоизга етгани эса ёшлар инновацияга интилувчан, янгича ишлашга тайёр эканининг ёрқин исботидир. Бундай соҳаларда ҳар бир лойиҳа ва ташаббус ортида янги иш ўринлари, рақобатбардош маҳсулотлар ва замонавий хизматлар яратилаётгани замон талабларига мос ривожланиш йўлини кўрсатади.

Ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда “Ёшлар дафтари” алоҳида ўрин тутади. “Ёшлар дафтари” орқали ўтган йили 180 минг ёшга 345 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилгани бу шунчаки салмоқли рақам эмас. Бу кўрсаткич ортида минглаб ёшлар ва уларнинг оилалари ҳаётида рўй берган реал ўзгаришлар, имкониятга айланган орзулар мужассам. Бундай ёрдам орқали ёшлар моддий қийинчиликлардан қутулиб, таълим олиш, касб эгаллаш ёки ўз бизнесини йўлга қўйиш имкониятига эга бўлди. Бу эса ёшлар камбағалликдан чиқиши, ўз ҳаётини тўлақонли қуриши учун замин яратди ва уларнинг келажакка ишончини мустаҳкамлади.

Шу билан бирга, олий таълимдаги имкониятларнинг кенгайиши ҳам жамият тараққиётида муҳим аҳамиятга эга. Илгари битта ўрин учун ўнлаб ёшлар рақобатлашиши натижасида кўплаб иқтидорли ёшлар таълимдан четда қолиб кетар эди. Бугун эса олий таълим муассасалари сони уч баробар кўпайгани сабабли 42 фоиз ёшлар олий таълим билан қамраб олинган. Бу мамлакатнинг интеллектуал салоҳияти ортиб бораётганини, ёшлар учун тенг имкониятлар яратилаётганини англатади.

Айниқса, хотин-қизлар учун тўлов-шартнома харажатларини давлат қоплаб бериши натижасида уларнинг олий таълимдаги иштироки 11 баробар ошгани жамиятда гендер тенглигини таъминлаш йўлида амалий қадамлар қўйилаётганини кўрсатади. Бу ёш хотин-қизларнинг билим олиш, касб эгаллаш, иқтисодий мустақилликка эришиш имкониятларини кенгайтириб, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлайди. Шундай қилиб, ёшларга қаратилган бундай чоралар нафақат шахсий тараққиётга, балки бутун мамлакатнинг барқарор ва фаровон ривожланишига хизмат қилмоқда.

Акмал Жумамуродов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

ёшлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг