Ернинг озон қатлами тикланаётгани айтилди
Олам
−
22 Сентябрь 7649 2 дақиқа
2024 йилда Ернинг озон қатлами сезиларли даражада тикланди ва бу жараён жадал суръатда давом этмоқда. Бу ҳақда Бутунжаҳон метеорология ташкилоти томонидан эълон қилинган ҳисоботда сўз боради.
Ташкилот томонидан 16 сентябрь куни эълон қилинган ҳисоботда 2024 йилда Антарктика устидаги озон тешиги охирги йилларга нисбатан кичик бўлгани қайд этилган. Бу инсон саломатлиги ва сайёра учун ижобий янгилик сифатида баҳоланмоқда.
Бунга 1980 йилги Вена конвенция шартномаси, кейин эса 1987 йилги Монреаль протоколи асос бўлган. Улар мамлакатларни озонни емирувчи моддалардан босқичма-босқич воз кечишга мажбур қилган. Зарарли моддаларни ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишнинг 99 фоиздан ортиғи аллақачон тўхтатилган.
“40 йил олдин давлатлар илм-фанга таяна туриб, озон қатламни ҳимоя қилиш бўйича биринчи қадамни ташлаган. Бугунги натижалар – миллатлар фан огоҳлантиришларига қулоқ тутганда, тараққиёт мумкинлигининг ёрқин мисоли”, деган БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш.
Бутунжаҳон метеорология ташкилоти Бош котиби Селеста Сауло бу жараённи “илм-фандан глобал ҳаракатга” шиори билан таърифлаб, мунтазам мониторинг ва маълумот алмашишнинг аҳамиятини алоҳида қайд этган.
2024 йилда Антарктикадаги озон тешиги ўлчами 1990–2020 йиллардаги ўртача кўрсаткичдан кичикроқ кўринишга келган. 29 сентябрдаги максимал дефицит 46,1 млн тонна озонни ташкил этди. Олимлар бу ҳолатни озон қатламининг тикланишидан далолат беради деб ҳисобламоқда.
Ҳисоботда айтилишича, агар ҳозирги вазият ўзгармай қолса, 2040 йилгача дунё бўйлаб ва 2066 йилга бориб Антарктикада озон қатлами тўлиқ тикланиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Австралияда илм-фан учун илгари номаълум бўлган астероиднинг излари топилгани ҳақида хабар берилганди.