Ерига экин экмаганларга солиқ миқдори оширилади(ми?)
Жамият
−
08 Апрель 2020
6029Бугун, 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев томорқадан самарали фойдаланмаётган хонадон эгалари расман огоҳлантирилиши, ундан кейин ҳам экин экмаганларга ер солиғи оширилган ставкада қўлланилиши лозимлигини айтди.
Қишлоқ хўжалигида вақтинча фойдаланилмаётган ерларни ўзлаштириб, кам таъминланган оилаларни банд қилиш бўйича тизим яхши самара бермоқда. Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида бу борада 31 та кооператив ташкил этилиб, 1 минг 600 нафар ишсиз фуқаро бандлиги таъминланди. Бундай кооперативлар фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги жамғармасидан 50 миллиард сўм ажратилган.
Йиғилишда томорқадан юқори ҳосил ва даромад олаётган омилкор инсонлар тажрибасини кенг жорий қилиш кераклиги айтилди. Мисол учун, Асака, Олтинкўл, Наманган, Уйчи, Ангор, Жарқўрғон, Китоб, Тойлоқ, Самарқанд, Янгийўл, Зангиота, Олтиариқ, Қува каби туманлардаги аксарият томорқаларда 2-3 марта ҳосил олиниб, битта оила 8-10 сотихли экин майдонидан ўртача 50-60 миллион сўм, баъзилар эса 100 миллион сўм даромад қиляпти.
Бироқ ҳамма жойда ҳам бундай эмас. Самарқанд, Қашқадарё, Хоразм, Бухоро, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида томорқаларга экин экиш ишлари якунланмаганлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, мутасаддиларга бундай хонадонлар билан бирма-бир ишлаб, томорқа майдонларига бозорбоп экинлар экилишини ташкил қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Президент бу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилиб, камбағалликни ва ишсизликни камайтириш бўйича топшириқлар берди. Кооперативга аъзо бўлган ишсиз фуқароларга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги жамғармасидан маҳсулот етиштириш харажатлари учун 24 миллиард сўм субсидия ажратилади. Кам таъминланган, қаровчиси бўлмаган оилаларга мевали кўчатлар, сабзавот уруғлари ва бошқа моддий ресурслар етказиб берилади.
Томорқаларда етиштирилган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга етказиб бериш масаласига ҳам эътибор қаратилди.
“Ҳозирги синовли даврда томорқа ерларига экин экмаслик, қаровсиз ташлаб қўйиш юртга ва ерга нисбатан хиёнат деб баҳоланиши керак”, дейди давлат раҳбари.
Йиғилишда томорқадан самарали фойдаланмаётган хонадон эгалари расман огоҳлантирилиш берилиши, шундан кейин ҳам экин экмаганларга ер солиғи оширилган миқдорда қўлланилиши маълум қилинди.
Бу борада мутасадди раҳбарларга тегишли ҳужжатни қабул қилиш топширилди. Томорқалар ҳолатини дронлар орқали мониторинг қилиш ҳамда улардан унумли фойдаланиш учун ҳар бир сектор кесимида зарур чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь