Ерга ўхшаш экзосайёра кашф этилди
Олам
−
01 Февраль 12679 2 дақиқа
Халқаро астрономлар гуруҳи HD 137010 b экзосайёраси кашф этилганини эълон қилди. У Ердан тахминан 146 ёруғлик йили узоқликда жойлашган бўлиб, ўлчами жиҳатидан Ерга яқин ва ўз юлдузи атрофида айланиш даври ҳам ўхшаш. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Сайёра NASA’нинг Kepler космик телескопи (К2 миссияси) томонидан 2017 йилда олинган маълумотлар асосида аниқланган. Таҳлилларга кўра, сайёра Ердан атиги 6 фоизга каттароқ, ундаги бир йил эса 355 кун давом этади. Тадқиқотчиларнинг баҳосига кўра, HD 137010 b “яшашга яроқли зона”да жойлашган бўлиш эҳтимоли 50 фоизни ташкил этади, яъни бу ҳудудда сув назарий жиҳатдан суюқ ҳолатда мавжуд бўлиши мумкин.
Бироқ орбитал ўхшашликларга қарамай, у ердаги иқлим Ерга нисбатан анча оғир бўлиши мумкин. Ушбу тизимдаги асосий юлдуз Қуёшга ўхшаш, бироқ у совуқроқ ва хирароқ.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, сайёра юзасидаги ҳарорат эҳтимол Марсдагига яқин бўлиб, -70 даражадан ҳам пастга тушиши мумкин.
Swinbern технология университети доктори Сара Уэббнинг фикрича, сайёрада сув кўп бўлиши мумкин, аммо унинг катта қисми муз ҳолатида қотиб қолган.
Жанубий Квинсленд университети доктори Челси Хуанг эса топилманинг асосий аҳамияти юлдузнинг яқинлиги ва ёрқинлигида эканини таъкидлайди: у Ердан тахминан 150 ёруғлик йили масофада жойлашган. Таққослаш учун айтганда, илгари маълум бўлган энг яқин Kepler-186ф экзосайёраси тўрт баравар узоқда жойлашган ва деярли 20 баравар хира. Бу эса келажакда ушбу сайёрани батафсил ўрганиш имконини беради: юлдузнинг яқинлиги ва ёрқинлиги туфайли кейинги авлод телескоплари унинг атмосфераси ва сиртидаги шароитларни тадқиқ қила олади.
Live
Барчаси