Ер аҳолиси Эль-Ниньонинг оғир оқибатларидан огоҳлантирилди
Бу қизиқ
−
14:44 1855 2 дақиқа
Кучайиб бораётган Эль-Ниньо иқлим ҳодисаси сабабли сайёранинг энг заиф минтақаларидаги яна деярли 50 миллион киши яқин орадаги ойларда ўткир очликка дуч келиши мумкин. Бу ҳақда БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури огоҳлантирди.
Тaшкилот маълумотларига кўра, очликнинг ўткир фазаси одамларнинг кундалик асосий озиқ-овқат эҳтиёжларини қондира олмаслигини англатади.
Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури раҳбари вазифасини бажарувчи Карл Скаунинг сўзларига кўра, Эль-Ниньо миллионлаб инсонлар хавфсизлигига кенг кўламли таҳдид солади ва халқаро ҳамжамият иқлим зарбаларига қанчалик эрта тайёргарлик кўра олса, одамлар ҳаётини қутқариш ва даромад манбаларини сақлаб қалиш имконияти шунчалик юқори бўлади.
Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури ҳисоб-китобларига кўра, Эль-Ниньо жорий йилнинг сентябрь ойида кучаяди, бунинг оқибатида озиқ-овқатнинг ўткир танқислигига дуч келаётган одамлар сони 225 миллиондан 274 миллион кишигача, яъни тахминан 22 фоизга ошади.
Энг оғир оқибатлар Марказий Америка ва Африканинг жанубий қисмида кутилмоқда. Шунингдек, Шарқий Африка, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё учун ҳам жиддий хавфлар прогноз қилинмоқда.
Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури Эль-Ниньо таъсири ўта нотекис эканини таъкидлайди: айрим мамлакатлар аллақачон ёғингарчилик етишмовчилиги, сув тошқинлари ва аномал иссиқликка дуч келаётган бўлса, бошқалари экиш даврида ва бўлажак ҳосил йиғим-теримида вазият ёмонлашишини кутмоқда. Жанубий Африка миллионлаб одамларнинг ёмғирли деҳқончилик тизимига қарамлиги сабабли айниқса заиф.
Агентликнинг эслатишича, 2015-2016 йиллардаги Эль-Ниньо 60-100 миллион кишининг озиқ-овқат хавфсизлигига таъсир кўрсатган. Прогнозлар шуни кўрсатмоқдаки, 2026-2027 йиллар цикли шунга ўхшаш кўламдаги инқирозга олиб келиши мумкин.
Прогнозларга кўра, Эль-Ниньо жорий йилнинг сентябрь ва декабрь ойлари оралиғида ўз чўққисига етади, аммо унинг оқибатлари бўлажак ҳосилдорликка таъсири сабабли бутун 2027 йил давомида сезилиб туради.
Эль-Ниньонинг ўтмишдаги цикллар тажрибаси шуни кўрсатадики, олдини олиш чораларига киритилган ҳар бир доллар келажакдаги уч доллардан етти долларгача бўлган йўқотишлар ва бартараф этиш харажатларининг олдини олишга имкон беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ер сайёраси мисли кўрилмаган иссиқлик даврига кириб бораётгани, кучайиб бораётган Эль-Ниньо ҳодисаси эса яқин ойлардаёқ янги ҳарорат рекордларига олиб келиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси