Ёнғин қурбонлари учун айбдорлардан 1,3 млрд сўмгача товон пули ундирилади
Жамият
−
10:58 571 3 дақиқа
Ўзбекистонда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш оқибатида инсон ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилган тақдирда, айбдорлардан 1,3 миллиард сўмгача товон пули ундирилиши белгиланди. Бу ҳақда жорий йилнинг 2 ноябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган.
Янги тартибга мувофиқ, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш натижасида келиб чиққан ёнғин туфайли инсон ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилса, суд айбдор шахс зиммасига етказилган зарарни қоплашдан ташқари алоҳида товон пули тўлаш мажбуриятини ҳам юклаши мумкин.
Шунингдек, қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга, “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги ҳамда “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган.
Товон пулининг энг юқори миқдори жабрланувчининг ҳолатига қараб қуйидагича белгиланган:
- жабрланувчи вафот этган тақдирда – БҲМнинг 3000 бараваригача (1 миллиард 320 миллион сўмгача);
- жабрланувчи I гуруҳ ногирони бўлиб қолган тақдирда – БҲМнинг 1500 бараваригача (660 миллион сўмгача);
- жабрланувчининг соғлиғига бошқача тарзда шикаст етказилганда – БҲМнинг 600 бараваригача (264 миллион сўмгача).
Шу билан бирга, ёнғин оқибатида инсон ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарнинг ўрни давлат фойдасига ундириладиган молиявий санкциялар ва жарималардан олдин, биринчи навбатда қопланади.
Қонунга мувофиқ, бозорлар, савдо комплекслари ҳамда савдо-кўнгилочар марказлари мулкдорлари ёнғин содир бўлиши оқибатида учинчи шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилганлик учун ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурталаши, ушбу объектларни ёнғиндан мажбурий суғурта қилиши шарт.
Мазкур мажбуриятни бажармаган мансабдор шахсларга БҲМнинг 50 бараваридан 75 бараваригача, яъни 22 миллион сўмдан 33 миллион сўмгача жарима солинади. Агар ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такроран содир этилса, жарима миқдори БҲМнинг 100 бараваригача, яъни 44 миллион сўмгача етади.
Қонунга кўра, шаҳарсозлик фаолиятида рухсат бериш тартибларига қонунга хилоф равишда аралашиш, яъни объектларни лойиҳалаштириш, қуриш ёки фойдаланишга қабул қилиш жараёнида ваколатли органлар ва хулоса берувчи шахсларга мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда босим ўтказиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик жорий этилди.
Бундай ҳолатлар учун дастлаб Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-1-моддасига мувофиқ, БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланилади.
Агар ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такроран содир этилса, Жиноят кодексининг 229-7-моддасига мувофиқ, 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Унга кўра, мустақил аккредитациядан ўтган ташкилотлар томонидан объектларда ёнғин аудити ўтказилади. Аудит натижасида ижобий хулоса олинган объектларда давлат ёнғин назорати органлари томонидан бир йил давомида режали текширувлар ўтказилмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатида жабрланган аҳолига етказилган зарарни баҳолаш ва қоплаш механизми белгиланган эди.