Елкасига байроқ осган йигит жавобгарликка тортилиши мумкин (видео)
Жамият
−
06 Май 2023
45069Кеча, 5 май куни ижтимоий тармоқларда елкасига байроқли лента тақиб олган йигитни ИИБ ходимлари олиб кетаётгани акс этган видео тарқалди.
Тарқалган хабарларга кўра, мазкур воқеа Қашқадарё вилояти Қамаши туманида содир бўлган. Видеони эса қашқадарёлик блогер Одил Элмурод тасвирга олган.
Видеодан кўринишича, йигит ўқув қуроллари сотиладиган бозор растасидан “Битирувчи” деб ёзилган байроқли тасма сотиб олган ва уни елкасига таққан. Бироқ бозор ҳудудида хизмат фаолиятини олиб бораётган ИИБ ходимлари бу қонунга хилоф эканини айтган ва улар ўртасида келишмовчилик юзага келган.
Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизмати мазкур воқеа бўйича QALAMPIR.UZ’га маълумот берди.
“2023 йилнинг 5 майида Қамаши туманидаги “Чим” деҳқон бозорида Ўзбекистон Республикаси байроғини тақиб юрган фуқаро ИИБ ходимлари томонидан тўхтатилиб, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат рамзлари тўғрисида”ги қонун талабларига кўра байроқни бундай олиб юриш мумкин эмаслиги, уни ечиб қўйиб давлат рамзларига ҳурматсизлик қилмаслик тушунтирилганида фуқаро ИИБ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, қаршилик кўрсатган”, дейилади ИИБ изоҳида.
Натижада белгиланган тартибда Қамаши туманида яшовчи фуқаро Р.И. билан профилактик суҳбат ўтказилган.
“Ҳолат юзасидан фуқарога Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига кўра ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний тўхтамга келиш учун жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судига юборилган”, дея қўшимча қилинади маълумотда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ QALAMPIR.UZ Ўзбекистон қонунчилигида “ватанпарварлик учун”, яъни уй-рўзғор буюмлари ва бошқа турдаги товарларда давлат герби ва байроғи тасвирларидан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси давлат рамзларига нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланиши ва бунинг учун жарима борлиги ҳақида мақола эълон қилган эди.
Шоҳжаҳон Мажитов
LiveБарчаси