Екатеринбургдаги мактаб ўқувчиларининг 98 фоизи мигрантлар фарзандлари экани айтилди
Олам
−
12:11 1508 1 дақиқа
Россиянинг Екатеринбург шаҳридаги 149-сонли мактаб ўқувчиларининг қарийб 98 фоизини Марказий Осиё давлатларидан келган мигрантларнинг фарзандлари ташкил қилиши айтилди. Бу ҳақда мамлакатнинг “78.ru” телеканали хабар берди.
Маълум қилинишича, мактаб Екатеринбургнинг Железнодорожный туманидаги Сортировочный мавзесида жойлашган бўлиб, бу ҳудудда кўп мигрантлар истиқомат қилади.
Маълумотларга кўра, мактаб ўқувчиларининг тахминан 70 фоизи тожиклар, 15 фоизи қирғизлар ва 10 фоиздан бироз кўпроғи ўзбеклардан иборат. Маҳаллий аҳоли фарзандлари эса умумий ўқувчиларнинг 2–3 фоизини ташкил қилади.
Журналистлар жорий йилнинг 1 сентябрь куни мактабда бўлиб, айрим ўқувчилар рус тилини яхши билмаслигини қайд этган. Хусусан, ўқувчилар ўртасида саломлашишда рус тилидаги “здравствуйте” сўзига нисбатан “салам алейкум” ибораси кўпроқ қўлланиши айтилган.
Шунингдек, айрим ўқувчилар ўз фамилиясини айтишда қийналгани, баъзи оналар эса журналистлар билан фарзандлари орқали мулоқот қилгани хабар қилинган.
Бу ҳолат Россияда мактабга қабул қилинаётган мигрантлар фарзандлари учун рус тилидан имтиҳон жорий этилган бир пайтда муҳокамаларга сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия мактаблари мигрант болаларнинг 87 фоизини, асосан, рус тили имтиҳонига кириш учун ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолар туфайли ўқишга қабул қилишдан бош тортгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси