ЕИнинг руслар учун чегарани ёпган давлатлари олтитага етди
Олам
−
25 Октябрь 2022
4279Бугун, 25 октябрь куни туристик Шенген визаси билан Россия фуқароларининг Чехия Республикасига киришига тақиқ кучга кирди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” нашри хабар берди.
Чехия Ташқи ишлар вазири Ян Липавскийнинг сўзларига кўра, бундан буён россияликлар туризм, спорт ва маданият мақсадида Прага халқаро аэропорти орқали мамлакатга кира олмайди.
“Россия режими тинч аҳоли манзилларини бомбардимон қилаётган бир вазиятда биз бунга кўз юма олмаймиз”, дейди Липавский.
Вазирга кўра, ҳукумат бир овоздан россияликларнинг туристик Шенген визаси билан киришини тақиқлашга қарор қилган.
Шунингдек, Ташқи ишлар вазири сафарбарликдан қочаётган ва шу сабабдан бошпана сўраётган россияликларга виза беришдан бош тортишга чақирган. Бироқ Чехия Президенти Милош Земан Липавскийнинг фикрига қўшилмаган. У бошпана сўраган Россия Федерацияси фуқароларини украиналик қочқинлар билан таққослаб, руслар Чехия хавфсизлигига таҳдид солмаслигини таъкидлаган.
Аввалроқ, Шенген визаси бўлган Россия фуқаролари учун чегараларни Латвия, Литва, Эстония, Финляндия ва Полша ёпиб қўйган эди. Эндиликда бу мамлакатларга фақат қариндошлариникига ташриф буюрган россияликлар, шунингдек, юк машинаси ҳайдовчилари, диссидентлар ва дипломатлар кириши мумкин. Ушбу мамлакатлар ҳукуматлари инсонпарварлик нуқтаи назаридан кириш имкониятини қолдирган, аммо ҳар бир ҳолат индивидуал асосда кўриб чиқилади.
LiveБарчаси