ЕИ Россияга қарши санкцияларни узайтирди
Олам
−
17 Декабрь 2021
4085Европа Иттифоқининг (ЕИ) 27 давлати етакчилари Брюсселдаги саммитда бир овоздан Россияга қарши иқтисодий санкцияларни олти ойга узайтириш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда бугун, 17 декабрь куни Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель саммит якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
"Европа Иттифоқининг 27 давлати етакчилари бир овоздан Россияга қарши иқтисодий санкцияларни узайтириш тўғрисида қарор қабул қилишди. Биз Россияни Минск келишувларини бажаришга чақирамиз", деган Шарль Мишель. У, шунингдек, Россия Украинага қарши тажовуз қилган тақдирда кенг кўламли оқибатларга дуч келиши ҳақида айтиб ўтган.
Москва Донбассдаги можаро Украинанинг ички можароси эканини, Россия ЕХҲТ, Франция ва Германия билан бирга Минск келишувлари доирасида уни ҳал қилишда фақат воситачи эканини бир неча бор таъкидлаган.
Маълумот учун, 2014 йил Европа Иттифоқи Украинадаги воқеалар ва Қримнинг Россия томонидан аннекция қилиниши муносабати билан Россия Федерациясига нисбатан санкциялар жорий қилган. Чеклов чоралари бир неча бор кенгайтирилган. Визасиз режим ва янги асосий ҳамкорлик келишуви бўйича музокаралар тўхтатилган. Бунга жавобан Россия Европа Иттифоқи давлатларидан бир қатор озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилишни тақиқлаган.
Шаҳло Орзиева
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь