ЕИ Россиядан платина ва мис харидини тақиқламоқчи

Олам

image

Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларнинг 20-пакети доирасида айрим металларга эмбарго киритиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда муҳокамалар жараёни билан таниш манбаларга таяниб, “Bloomberg” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, тақиқ мис, платина, иридий ва родийга татбиқ этилиши эҳтимоли бор. Бу чоралар, аввало, ҳозирча санкциялар остига киритилмаган “Норникель” компаниясига зарба бўлади. Чунки у Россияда ва дунёда қатор металларни ишлаб чиқаришда етакчи ҳисобланади. Улар орасида платина ва палладий ҳам бор. “Bloomberg”нинг қайд этишича, “Норникель” автомобиль каталитик нейтраллагичлари учун жаҳон бозорининг қарийб 40 фоизини таъминлайдиган палладий харидини тақиқлаш режалаштирилмаган. Компания, шунингдек, Россияда иридий, родий ва мис қазиб олиш бўйича биринчи ўринда туради.

Мис масаласида тақиқнинг ЕИ ва “Норникель” учун таъсири катта бўлмаслиги мумкин. Халқаро металл савдосининг асосий маркази бўлган Лондон металл биржаси 2024 йил апрелидан бошлаб Россия мисини сотиш ва етказиб беришни тақиқлаган.

Евроиттифоқ мисга нисбатан тўғридан тўғри санкциялар жорий этмаган, бироқ мис симлар, қувурлар ва фолга каби айрим товар тоифаларини ўз бозорига киритишни ёпган. Натижада европалик харидорлар асосан бошқа етказиб берувчиларни топган.

“Норникель”нинг ўзи эса мис билан боғлиқ операцияларни Россия ташқарисига чиқаришга уриниб, Хитойда йилига 500 минг тонна қувватга эга завод қуриш орқали қўшма корхона очишни режалаштирган. Компания келишувни ўтган йилнинг ўзида имзолашни кутган, бироқ бу амалга ошмаган. Эндиликда эса унинг хитойлик ҳамкори ҳам лойиҳадан чиқишга қарор қилган.

Агар янги ҳамкор топилмаса, “Норникель” 2027 йилда ёпилиши режалаштирилган Норильскдаги мис комбинатининг фаолиятини давом эттириш учун Россия ҳукуматидан рухсат сўрашига тўғри келади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи 2027 йил 1 ноябргача Россиядан газ олишни бутунлай тақиқлаши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Евроиттифоқ платина мис

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг