ЕИ Россия билан Калининград бўйича келишувга эришди – ОАВ
Олам
−
13 Июль 2022
15760Европа Иттифоқи ва Россия Калининград вилоятига юкларни темир йўл орқали транзит қилишга қўйилган чекловни олиб ташлаш бўйича келишиб олди. “Известия” нашрининг Россия томонидаги юқори мартабали манбаларга таяниб ёзишича, Брюссель Москвани тўлиқ қаноатлантирган таклиф юборган.
Таклиф қилинаётган ҳужжатга кўра, Россия Федерацияси ҳудудлари ўртасида товарлар ҳаракатини чеклаш мумкин эмаслиги белгиланади, яъни минтақага борадиган барча товарлар истисно тариқасида Европа Иттифоқи санкциялари рўйхатидан олиб ташланади.
Кўп нарса Брюссель Литва билан транзит бўйича келишувга эриша олишига боғлиқ, негаки Вильнюс Европа Иттифоқи томонидан таклиф қилинган келишивга рози бўлиши осон кечмаслиги тахмин қилинмоқда. Чунки, Литванинг позициясига кўп жиҳатдан АҚШ ҳам таъсир ўтказиши мумкин. Ҳозир бу масала Литва томонида кўриб чиқилаётгани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Литва Республикаси 18 июнь куни санкцияланган товарларнинг транзитини тўхтатди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва Кремль Вильнюснинг хатти-ҳаракатлари ноқонуний ва халқаро келишувларга зид эканлигини таъкидлади. Литва ҳукумати ва Европа Иттифоқи раҳбарияти, ўз навбатида, мамлакат ҳеч қандай бир томонлама ёки қўшимча чекловлар киритмаганини, фақат “санкцияларни изчил қўллаётганини” таъкидлади.
Июнь ойи охирида “Reuters” агентлиги ЕИ Москва билан зиддиятни юмшатиш учун Литва орқали Калининград вилоятига транзит чекловларини бекор қилиш ниятида эканини хабар қилди.
Абдулвоҳид Ёқубов