ЕИ Беларусга қарши санкцияларни узайтирди
Олам
−
28 Февраль 2023
1735Европа Иттифоқи Беларусдаги ички репрессия ва режимнинг Украинадаги урушни қўллаб-қувватлаши билан боғлиқ чеклов чораларини яна бир йилга узайтиришга қарор қилди. Бу ҳақда Еврокомиссиянинг расмий вебсайтида эълон қилинди.
Қайд этилишича, қарор йиллик таҳлил асосида, мамлакатдаги ички вазиятнинг оғирлиги ва Беларуснинг Россия босқинидаги иштирокини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган. Санкцияларнинг амал қилиш муддати 2024 йил 28 февралгача узайтирилган.
Чекловчи чоралар рўйхатга олинган шахсларнинг Европа Иттифоқига саёҳат қилишини тақиқлаш ва активларини музлатишдан иборат. Ҳозирда 195 шахс, шу жумладан, Александр Лукашенко ва 34 та субъектга тегишли активлар музлатилган. Бундан ташқари, Европа Иттифоқидаги ташкилотларга “қора рўйхат”даги шахсларга бевосита ёки билвосита маблағ ажратиш тақиқланган.
“Европа Иттифоқи Беларуснинг Россия-Украина урушидаги иштирокини кескин қоралайди. Бундан ташқари, ташкилот мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни ҳал қилишга қатъий қарор қилган. Шунингдек, ЕИ Беларусь халқини демократияга бўлган қонуний талабларини, шу жумладан, фуқаролик жамияти ҳамда мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлашда давом этади”, дейилади Еврокомиссия баёнотида.
Маълумот учун, Беларусь ҳозирда мақсадли иқтисодий санкциялар, жумладан, молия сектори, савдо-сотиқ, технология ва телекоммуникациялар, энергетика, транспорт ва бошқа соҳалардаги чекловлар остида қолмоқда.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси