ЕИ Бакуни журналистларни асоссиз ҳибсга олишда айблади
Олам
−
22 Декабрь 2023
3709Европа Иттифоқи Озарбайжонни қамоққа олинганларни озод қилишга ҳамда мустақил журналистика ва сўз эркинлиги учун тўсиқсиз майдон яратишга чақирди. Бу ҳақда Европа Иттифоқи Ташқи ишлар хизмати расмий вакили Питер Станонинг тегишли баёнотида келтирилган.
“Инсон ҳуқуқлари, жумладан, асосий эркинликлар ва қонун устуворлиги Озарбайжон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларнинг муҳим элементлари ҳисобланади”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, Питер Стано журналистлар Улви Ҳасанли, Севинч Вогифқизи, Маҳаммад Кекалов, Азиз Оружов, Руфат Муродли, Наргиз Абсаламова, Темур Каримов, Иброҳим Ҳумбатов, шунингдек, Ҳофиз Бабалининг сўнгги пайтларда “ўзбошимчалик билан ҳибсга олингани”дан хавотир билдирган. Унинг айтишича, юқоридаги ҳолатлар мамлакатда мустақил журналистика майдонининг торайиб бораётгани ва чегараланганидан далолат беради.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи вакили ҳуқуқ фаоли Илҳомиз Гулиев ва сиёсий мухолифат етакчиси Тофиқ Ягублунинг қўлга олингани, шунингдек, академик ва фаол Губад Ибодўғли ва фуқаролик жамияти фаоли Бахтиёр Ҳожиевнинг қамоққа олиш муддатини узайтириш қароридан афсусда эканини билдирган.
“Европа Иттифоқи Озарбайжонни асосий ҳуқуқларини амалга оширгани учун қамоққа олинганларни озод қилишга ҳамда мустақил журналистика ва сўз эркинлиги учун эркин ва тўсиқсиз майдон яратишга чақиради. Европа Иттифоқи Озарбайжон билан инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқот ва ҳамкорликни давом эттириш тарафдори”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, шу ой бошида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев унинг мамлакати Европа Иттифоқига аъзо бўлишга ҳаракат қилмоқчи эмаслигини, чунки у ерда Бакуни ҳеч қачон қабул қилишмаслигини айтганди.
LiveБарчаси