ЕИ баъзи рус олигархларини “қора рўйхат”дан чиқариши мумкин
Олам
−
15 Июль 2022
8943Европа Иттифоқи Россиянинг Украинадаги “махсус операцияси”га ёрдам бериш эҳтимоли сабаб санкция жори қилинган айрим россияликларга нисбатан чекловларни бекор қилишни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Чекловлар бекор қилиниши режалаштирилган русларнинг исмлари ва сони маълум эмас. Шу билан бирга, Ғарб санкциялари рўйхатида бўлган 30 га яқин россияликлар суд орқали улардан чекловлар олиб ташланишини сўраб мурожаат қилган. Булар қаторида россиялик миллиардерлар Роман Абрамович, Андрей Мельниченко, Петр Авен ва Михаил Фридман ҳам бор. Яна 10 нафар россиялик тўғридан-тўғри Европа Иттифоқи расмийларига санкцияларни бекор қилиш сўрови билан мурожаат қилди, дея хабар берган агентлик.
Таькидланишича, жорий йилнинг 13 июль куни Европа Кенгашининг юридик хизмати Европа Иттифоқи элчиларини ушбу мурожаатларнинг баъзилари асосли эканлиги ҳақида хабардор қилган. Аризачилар томонидан тақдим этилган маълумотларни ўрганиб чиққандан сўнг, Европа Иттифоқи адвокатлари айрим ҳолларда чекловлар қўйиш учун асослар “етарли бўлмаган, заиф ёки нотўғри”, дея ҳисоблайди.
Манбаларига кўра уларга нисбатан санкциялар бўйича қарор қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Маълумот учун, Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Европа Иттифоқи 1000 дан ортиқ россияликларни санкциялар рўйхатига киритди. Чекловлар ҳукумат амалдорлари, ҳарбийлар, давлат оммавий ахборот воситалари ходимлари, тадбиркорлар ва уларнинг оила аъзоларига нисбатан жорий қилинган. ЕИ ҳудудидаги санкцияга дучор бўлганларнинг активлари музлатиб қўйилди, “қора рўйхат”га тушганлар эса Европа Иттифоқи мамлакатларига кириши тақиқланди.
Абдулвоҳид Ёқубов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь