Яширин иқтисодиётга қарши кураш. Солиқдан қочиш бадали оғирлашиши мумкин
Таҳлил
−
08 Февраль
9365Энди солиқ тўламаганлик учун жазолар оғирлаштирилиши ва қамоқ муддатлари узайтирилиши мумкин. Гап шундаки, Жиноят кодексининг солиқ ва йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш ҳақидаги 184-моддасига ўзгартиришлар киритилиши кутилмоқда. Бу орқали давлат яширин иқтисодиётга қарши курашни кучайтириб, иқтисодий интизомни тиклашга жиддий киришмоқда, дейиш мумкин. Кутилаётган ўзгартиришларга кўра, энди солиқдан бўйин товлаганлар нафақат катта жарималар, балки янада жиддий чоралар билан “тақдирланади”. Масалан, иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар сирасига кирувчи мазкур модда санкцияларида жарималар миқдорининг ошиши, ахлоқ тузатиш ишларининг озодликни чеклаш ёки ундан маҳрум қилиш жазоларига ўзгартирилиши, мавжуд озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддатлари эса узайтирилиши кутилмоқда.
Жиноят кодексининг 184-моддасига нима бўляпти?
Айни пайтда депутатлар томонидан муҳокама қилинаётган қонун лойиҳасига кўра, Жиноят кодексининг 184-моддаси (Солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) қуйидаги ўзгаришларга дуч келиши мумкин.
Биринчи қисми: Фойда (даромад) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни қасддан яширишни, камайтириб кўрсатишни, шунингдек давлат томонидан белгиланган солиқ ёки йиғимларни тўлашдан қасддан бўйин товлашни анча миқдорда содир этиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин рўй берган бўлса, —
Амалдаги санкция: базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари.
Киритилаётган ўзгариш: 3 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш.
Иккинчи қисми: Солиқ ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш:
а) такроран;
б) кўп миқдорда содир этилган бўлса, —
Амалдаги санкция: базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Киритилаётган ўзгариш: жарима миқдори 200 бараваридан бошланиши; озодликдан маҳрум қилиш муддати 5 йилгача узайтирилиши.
Учинчи қисми: Солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш жуда кўп миқдорда содир этилган бўлса, —
Амалдаги санкция: базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Киритилаётган ўзгариш: озодликни чеклаш чиқарилиб, фақат 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Томонлар фикри қандай?
Кутилаётган ўзгаришлар ҳали тасдиқдан ўтмаган бўлса-да, ҳуқуқшунос ва тадбиркорларнинг бунга муносабати билан қизиқдик. QALAMPIR.UZ билан суҳбатлашган, исмини ошкор этишни хоҳламаган тадбиркорнинг сўзларига кўра, тўлиқ товар айланмасига яраша солиқлар тўланса, тадбиркор банкрот бўлиши мумкин.
“Тадбиркор кўпроқ фойда олиш учун ҳаракат қилади, демак мен солиқни қанчалик кам тўласам, шунча кўпроқ фойда оламан. Бунинг учун қилган товар айланмамни яшираман. Сабаби солиқ ҳисобланиш миқдори тўғридан тўғри шунга боғлиқ. Мен тўлиқ товар айланмани кўрсатиб, солиқларни тўласам, сотаётган маҳсулотларим нархи ошиб кетади. Оқибатда бошқа тадбиркорлар билан рақобат қилолмасдан, банкротликка учрайман”, дейди у.
25 йил солиқ тизимида ишлаган ва ҳозирда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган QALAMPIR.UZ суҳбатдоши қонундаги ўзгаришлар хусусий сектор фаолиятига қандай таъсир қилиши мумкин деган саволга қуйидагича жавоб берди:
“Менинг фикримча, деярли ҳеч қандай таъсир қилмайди. Сабаби жазо оғирлаштирилгани билан жиноят камайиб қолмайди. Солиққа тортиш тизимини тубдан ўзгартириш керак”.
Инсон ҳуқуқлари фаоли, адвокат Озод Жўрабоевнинг фикрига кўра, солиқ ва йиғимларни тўламаслик учун озодликдан маҳрум этиш мутлақо нотўғри.
“Мазкур модда санкцияларни оғирлаштириш ўрнига аслида уни жиноят сафидан чиқариб, маъмурий ҳуқуқбузарлик сафига киритиш ёки умуман ҳуқуқбузарликлар сафидан чиқариш керак. Чунки бу фуқаролик муносабати. Солиқ йиғимлари ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш фуқаро билан давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатлардир. Буни жиноят объекти, фуқарони эса жиноят субъекти деб қараш нотўғри. Солиқдан бўйин товлаш ҳолати содир этилса, иқтисодий жавобгарликка тортиш ёки иқтисодий санкциялар қўллаш керак, лекин бунинг учун озодликдан маҳрум этиш мутлақо нотўғри”, дейди у.
Адвокатнинг QALAMPIR.UZ’га билдиришича, Жиноят кодексининг 184-моддасида акс этган ва ҳозирда жиноят деб қаралаётган солиқ ва йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолати жиноят судида эмас, фуқаролик судида кўрилиши керак.
“Шундай ҳолат содир бўлганида иккинчи томон солиқ мажбуриятини бузганлик учун судга фақат фуқаролик судига бериш керак. Уни жиноятга қўшиш ва яна санкцияларини оғирлаштириш мантиққа ҳам, халқаро ҳуқуққа ҳам мутлақо зид. Бу фақат иқтисодий муносабат бўлгани ҳамда фуқаро ва давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатларни тартибга солаётгани учун фуқаролик суди объекти бўлади. Фуқаро солиқ тўламаса, солиқ қарздорлиги келиб чиқади, қарздорлик эса ҳеч қачон жиноят бўлмайди”, дейди адвокат.
Ўзгаришлар фақат оғирлаштиришдан иборат эмас!
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, муҳокамага қўйилган қонун лойиҳасида фақат оғирлаштирувчи эмас, енгиллаштирувчи ўзгаришлар ҳам бор:
- тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш мақсадида солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарлик учун қўшимча ҳисобланган маблағлар тергов органи депозит ҳисоб рақамидан бюджетга ўтказилгунига қадар пеня ҳисобланмаслиги ҳақида янги норма киритилмоқда.
- мулкдорнинг ер участкаси жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганида, мулкнинг бозор қийматида тўлаб берилган компенсация миқдорини солиқ даромади таркибига киритмаслик белгиланяпти.
- қасддан яширилган, камайтириб кўрсатилган фойда (даромад) бўйича солиқлар ва йиғимлар тўлиқ тўланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги назарда тутиляпти.
- биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у терговга қадар текширув, тергов ва биринчи инстанция суд муҳокамаси давомида солиқлар ва йиғимлар, шу жумладан, пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопласа, жавобгарликдан озод қилиниши белгиланмоқда.
Бугунги кундаги энг долзарб масала – яширин иқтисодиёт – Мирзиёев
Ўтган йилнинг 16 январида Президент макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида яширин иқтисодиёт ҳақида алоҳида тўхталган. Давлат раҳбари эълон қилган маълумотларга кўра, хизматларда 140 триллион сўм, қурилишда 50 триллион сўм, саноатда 40 триллион сўм маҳсулот “сояда” қолмоқда. Агар улар жойида бўлса, бу орқали ялпи ички маҳсулотга 135 триллион сўм, давлат бюджетига эса 30 триллион сўм миқдорида тушум қилиш мумкин.
“27 мингта қурилиш корхонасининг 41 фоизи ҳисоботида фақат бир нафар ишчисини расмий ходим сифатида кўрсатаётганидан Ҳидоятов (ўша пайтда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари; ҳозирда вазир Шерзод Ҳидоятов) ва ҳокимларнинг бундан хабари борми? Буни биладими?”, деган эди Президент видеоселектор йиғилишида.
Кеча, 7 февраль куни ҳам Президент Шавкат Мирзиёев ўзи раислик қилган хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича асосий вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида яна ноқонуний иқтисодий фаолиятга тўхталди ва Ўзбекистонда хуфиёна фаолият юритиб, “конвертда” ойлик тўлаётган тадбиркорлар устидан назорат кучайтирилишини маълум қилди.
Айтиш мумкинки, мавжуд вазиятни таҳлил қилар экансиз, мамлакат сиёсатида бюджет тушумларини кўпайтириш мақсадида солиқ тизими “тартибга чақирилаётгани”ни кўришингиз мумкин. Аслини олганда, бутун дунё солиқ назоратини кучайтиришга бел боғлаган. Сабаби қуйидаги маълумотда бўлиши мумкин. Tax Justice Network халқаро нотижорат ташкилоти маълумотларига кўра, 2024 йилда дунёда глобал солиқ суиистеъмолидан 492 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ йўқотилган. Унинг учдан икки қисми (347,6 миллиард доллар) трансмиллий корпорацияларнинг фойдани бошқа давлатларга ўтказиши орқали солиқларни кам тўлашидан келиб чиққан. Қолган учдан бир қисми (144,8 миллиард доллар) эса бадавлат шахсларнинг ўз бойликларини офшор ҳудудларда яширишидан йўқотилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур ўзгариш жой олган қонун лойиҳасига бир эмас, бир неча ташкилотлар ташаббускорлик қилмоқда. Аммо ҳали олдинда қонунни қабул қилиш ёки қилмасликнинг яна бир неча босқичлари турибди. Сенаторлар мазкур ўзгаришларни маъқуллайдими ёки йўқ буни вақт кўрсатади.
LiveБарчаси