“Яширин иқтисодиёт” давом этмоқда: 232 мингта корхонада 1 нафардан ходим бор – Мирзиёев
Жамият
−
15 Декабрь 2022
14598Ўзбекистондаги хусусий секторда фаолият кўрсатаётган 232 мингта корхонада ишчилар сони бор-йўғи 1 нафарни ташкил қилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорлик ва саноатни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтаётган видеоселектор йиғилишида айтилди.
“Бу дегани, улар ҳалиям “яширин иқтисодиёт” шароитида ишлаб, “конверт”да ойлик тўлаб келмоқда”, дея таъкидлади давлат раҳбари.
Бундай ҳолат 47 та туманда жуда юқорилиги қайд этилди. Мисол учун, Нукус, Зарбдор, Миришкор, Музработ, Каттақўрғон туманларида – 80%, Жондор, Косон, Ургут, Пастдарғом, Учқўрғонда – 75%, Гулистон, Наманган, Қўшкўпир туманларида – 70% корхоналарда 1 та иш ўрни кўрсатилган.
Чакана савдо, йўловчи ва юк ташиш, қишлоқ хўжалиги хизматлари, меҳмонхона, ошхона, АТ, автомобил таъмирлаш каби фаолиятлар бўйича ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга туширилган.
Ушбу 47 та тумандаги корхоналарнинг ярмидан кўпи айнан шу фаолиятлар билан шуғулланади.
Яратилган имкониятларга қарамасдан, айрим ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш кўрсаткичлари яхши эмаслиги кўрсатиб ўтилди. 2022 йил давомида доимий бандлар сони Китоб, Косон, Мирзаобод, Нарпай, Нишон, Фурқат туманларида камайган.
Бу туманлардаги корхоналар адолатли солиқ тўлаш ва давлат билан ҳамкорликка ўта олмаяпти.
Шунингдек, 25 ёшгача бўлганларни ишга қабул қилганда, тадбиркорлар 6 ой давомида ижтимоий солиқдан озод қилинди.
Тегишли вилоят ҳокимларига уч кун муддатда ушбу туман ҳокимларига нисбатан чора кўриш бўйича таклиф бериш топширилди.
“Бу имтиёзлар айнан туманларда тадбиркорликни ривожлантиришга туртки беришга қаратилган-ку! Лекин ушбу туманларнинг ҳокими, биринчи ўринбосари ва солиқ раҳбари нима билан банд? Нима учун, 70-80 фоиз корхоналарда 1 нафардан ходим ишлаётгани билан бирор марта қизиқиб кўрмаган?”, дея сўради давлат раҳбари.
Вилоят ҳокимларига масъул идоралар билан биргаликда бир ой муддатда бу 47 та туманда сўров ўтказиб, ҳар бирига алоҳида ёндашувларни ишлаб чиқиш топширилди.
LiveБарчаси