“Яшасин Украина!”. Эрдўған Зеленский билан учрашиш учун Киевга борди

Олам

image

Бугун, 3 февраль куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашиш учун Киевга борди. Президентларнинг бугунги кундаги асосий мақсади тўртта икки томонлама шартномани имзолашдир. Бу ҳақда Украина маҳаллий нашрлари хабар бермоқда.

“Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Украинага етиб келди ва ҳозирда Бориспол аэропортидан Мариинский саройига йўл олди. У ерда уни Владимир Зеленский кутиб олади. Эрдўғанга рафиқаси Эмине ҳамроҳлик қилмоқда. Жуфтлик Борисполда нон, халқ либослари ва фахрий қоровул билан кутиб олинди”, дейилади хабарда.

Украина Президенти Туркия етакчисини Маринский саройида қабул қилди.

Туркия делегацияси Мариинский саройига етиб келганида, унга 30 га яқин машина ҳамроҳлик қилган. Президентларнинг бугунги кундаги асосий мақсади эркин савдо зонаси билан тўртта икки томонлама шартнома имзолашдан иборат:

1. Эркин савдо шартномаси;
2. Юқори технологиялар, авиация ва космик саноат соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги доиравий битим;
3. Ёшлар сиёсати соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим;
4. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорлик тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги Баённома лойиҳаси.

Томонлар Қора денгиздаги икки давлат ҳарбий-денгиз кучлари ўртасидаги ҳамкорлик имкониятларини ҳам муҳокама қилади. Ҳозир Киев марказида Грушевский кўчаси бўйлаб ҳаракат тўсиб қўйилган, у ерда Туркия Президентининг кортежи кутиб турибди.

Қайд этилишича, Президентлар учрашуви бўлиб ўтадиган Мариинский саройи атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Эрдўғанни сарой ёнида фахрий қоровул кутиб олган. У фахрий қоровул қаршисида туриб, “Слава Украине!” (“Яшасин Украина!”) дея ҳайқирди. Учрашув тахминан 1,5 соат давом этиши кутилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

569

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг