“Яшашингиз шарт!” Корея Президенти аҳолидан ўз жонига қасд қилмасликни сўради
Олам
−
16:26 1404 2 дақиқа
Жанубий Корея Президенти Ли Чже Мён мамлакат аҳолисини ҳаётдаги қийинчиликларга қарамай, яшашда давом этишга ва зарур ҳолларда психологлардан ёрдам сўрашга чақирди. У бу ҳақда Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.
“Яшаш керак. Нима бўлишидан қатъи назар, яшашда давом этишингиз шарт”, дея мурожаат қилди Президент.
Давлат раҳбарининг баёноти мамлакатда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари бўйича янги статистик маълумотлар эълон қилинганидан кейин янгради.
Маълумотларга кўра, 2025 йилда Жанубий Кореяда 14 144 киши ўз жонига қасд қилган. Бу ҳар 100 минг аҳолига 27,8 та ўлим ҳолати тўғри келишини англатади. 2024 йилда эса мазкур кўрсаткич 29,1 тани ташкил этган.
2026 йилнинг январь–июль ойларида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12,3 фоизга камайган. Жумладан, бундай ҳолатлар сони 8 475 тадан 7 432 тага тушган. Ҳукумат буни, асосан, молиявий қийинчиликлар билан боғлиқ ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари камайгани билан изоҳламоқда.
Шунга қарамай, Жанубий Корея Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD)га аъзо давлатлар орасида ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичи энг юқори мамлакат бўлиб қолмоқда.
Ли Чже Мён ҳукумат йиғилишида умумий кўрсаткичлар пасайган бўлса-да, ёшлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиб бораётганини таъкидлаган. Президент бунинг асосий сабаблари сифатида мактабдаги зўравонлик ва камситиш, ўқишдаги кучли босим ҳамда ҳаддан ташқари рақобатни кўрсатган. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун янгича ва қатъий чоралар ишлаб чиқиш зарурлигини билдирган.
Маълумот учун, Жанубий Корея ҳукумати 2030 йилгача мўлжалланган янги дастурни ҳам тасдиқлади. Унга мувофиқ, аҳолининг психологик ёрдам олиш имкониятлари кенгайтирилади. Шунингдек, қарзга ботган, камбағалликда яшаётган ёки жамиятдан ажралиб қолган инсонларни қўллаб-қувватлаш чоралари кучайтирилади.
Ҳукумат 2030 йилгача ўз жонига қасд қилиш оқибатидаги ўлимлар кўрсаткичини ҳар 100 минг аҳолига 18,9 тагача камайтиришни мақсад қилган.
Маржона Маманиёзова
Live
Барчаси