Япониядаги ўрмон ёнғинлари сабаб 3 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди (видео)

Олам

image

Япониянинг Ивате префектураси Офунато шаҳридаги ўрмон ёнғинлари оқибатида 80 дан ортиқ уй зарар кўрди. Бу ҳақда Япониянинг “Kyodo” нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, Офунато шаҳридаги ёнғин уч кундан бери давом этмоқда ва сўнгги маълумотларга кўра, унинг майдони 1,2 минг гектарни ташкил этган. Бир кун олдин ёнғинда ҳалок бўлган одамнинг жасади топилган. Табиий офат оқибатида қурбон бўлганларнинг аниқ сони ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Шаҳар ҳокимияти 3300 га яқин одамни эвакуация қилиш тўғрисида буйруқ берган. Офунатода мактаб ва боғчалар ёпилган, юзлаб уйлар электр таъминотисиз қолган. Темирйўлнинг бир қисмида поездлар ҳаракати тўхтатилган.

Табиий офат сабаб Япония Бош вазири девонида мувофиқлаштирувчи штаб ташкил этилган. Вазирлар Маҳкамаси бош котиби Ёсимаса Хаяси марказий ҳукумат “зарурий ёрдам кўрсатиш учун маҳаллий ҳокимият органлари билан яқиндан ҳамкорлик қилишини” айтган. Ўт ўчириш бошқармаси ва мудофаа кучлари ёнғинни ердан ва ҳаводан ўчиришга ҳаракат қилмоқда.

“Ушбу ёнғин сўнгги кунларда ушбу ҳудуддаги учинчи ёнғиндир. 19 февраль куни Офунатода яна бир ёнғин содир бўлди, у 26 февралгача ўчирилмади. 25 февраль куни қўшни Рикудзентаката шаҳрида яна бир ўрмон ёнғини содир бўлди ва эртаси куни ўчирилди”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 январь куни Лос-Анжелесда кўплаб ўрмон ёнғинлари бошланганди. Ёнғинлар туфайли штатда катта табиий офат эълон қилинганди. 12,3 мингдан ортиқ бинолар вайрон бўлганди. Округдаги йирик ўрмон ёнғинлари камида 25 кишининг ҳаётига зомин бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Япония ўрмон ёнғини Офунато

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг