Японияда ороллар сони икки баробар ортди – “Kyodo”
Олам
−
14 Февраль 2023
8819Япония ҳукумати сўнгги 35 йил ичида биринчи марта маҳаллий акваторияни ўрганиш ишларини олиб борди. Натижаларга кўра ушбу вақт мобайнида мамлакатда тегишли ороллар сони икки баробарга – 6852 тадан 14 125 тага ошди. Бу ҳақда “Kyodo” ахборот агентлиги хабар берди.
Тадқиқот 2022 йилда ҳукумат томонидан тасдиқланган Япония харитасининг электрон версиясини автоматлаштирилган ҳолда ўрганиш асосида ўтказилди. Олинган маълумотлар ўтмишдаги аерофотосуратлар билан таққосланди. Якуний рўйхатга айланаси 100 метрдан ошган ороллар киритилди.
Агентлик хабарига кўра, ороллар сонининг икки баробарга ошиши мамлакат расмийларининг ҳудудий сув чегараларини кенгайтириш даъвосига сабаб бўлолмайди. Янгиланган статистик маълумотлар март ойида оммага эълон қилиниши кутилмоқда.
Маълумот учун, ҳудуддаги бир гуруҳ ороллар Япон денгизида – Япония ва Жанубий Корея ўртасида жойлашган. Иккинчи Жаҳон урушидан кейин бу ороллар Корея ҳудудига айланган эди. Япония буни “ноқонуний ишғол” деб атаган ва ўз ҳудудидаги ороллар доирасига киритишга уринган.
LiveБарчаси