Японияда ноқонуний яшаган ўзбекистонлик депортация қилинди

3-саҳифа

−

image

Японияда виза муддати тугаганидан кейин ҳам мамлакатни тарк этмай, ноқонуний яшаб келган Ўзбекистон фуқароси депортация қилинди. Бу ҳақда Япония Иммиграция хизматлари агентлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, фуқаро Японияга қисқа муддатли виза билан кирган. Бироқ мамлакатда қолиш муддати тугаганидан кейин ҳам у ердан чиқиб кетмаган. Кейинчалик ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олиниб, ҳибсга жойлаштирилган.

Агентлик ноқонуний яшаш ёки ишлаш ҳолатлари аниқланганида қоидабузарларга нисбатан қатъий чоралар кўрилишини эслатган. Бундай ҳолатларда шахс полиция томонидан қўлга олиниши, иммиграция марказига жойлаштирилиши ва мамлакатдан депортация қилиниши мумкин.

Шунингдек, Япония ҳукумати қоидабузарлар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон ҳукуматига ҳам тақдим этиши мумкин. Шу сабабли фуқаролардан Японияда ишлашни ваъда қилувчи шубҳали таклифларга ишонмаслик сўралган.

Агентлик Японияда қочқин мақомини олиш учун ариза топшириш орқали мамлакатда узоқ муддат қолиш ёки ишлаш мумкинлиги ҳақидаги қарашлар ҳам нотўғри эканини таъкидлаган. Бундай мақсадда ариза беришга йўл қўйилмайди.

Қочқин мақомини олиш рад этилган тақдирда, ариза берувчи иммиграция марказига жойлаштирилиши ёки депортация қилиниши мумкин. Ариза топширишда ёлғон маълумот бериш ёки фирибгарлик усулларидан фойдаланиш эса жиддий ҳуқуқий чораларга сабаб бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония Иммиграция хизмати агентлиги Японияда ноқонуний бўлиб турган 2 нафар Ўзбекистон фуқаросини депортация қилгани ҳақида хабар берилган эди.
 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг