Япония Россияга қарши янги санкциялар эълон қилди
Олам
−
11:19
1965Япония Россия Федерациясининг 11 жисмоний шахси, 3 банки ва 29 компаниясига қарши янги санкциялар эълон қилди. Бу ҳақда Япония Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Токио, шунингдек, 23 январдан кучга кирадиган 22 та Россия ташкилоти ва 335 номдаги товарларга экспорт чекловларини жорий қилмоқда. Санкцияланган маҳсулот номлари орасида, махсус жиҳозлар, турли асбоблар, шунингдек, кичик мототцикллар учун эҳтиёт қисмлар бор. Санкциялар ЦМРБанк, РФК Банк ва Тимер Банкка нисбатан қўлланади. Чекловлар, хусусан, “Алроса” Бош директори Павел Мариничев, “Ростех” Бош директорининг биринчи ўринбосари Владимир Артяков, PSV Technologies раҳбари Сергей Петров, “Алексинский” кимё заводи ва Россиянинг бир нечта машинасозлик компанияларига нисбатан киритилган.
Бундан ташқари, Россияга қарши чоралар доирасида Япония санкциялари КХДРнинг бир фуқароси, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, БАА, Таиланд компанияларига нисбатан қўлланиши қайд этилган. Санкцияланган ташкилотлар орасида Туркия, шунингдек, Грузиянинг битта кредит ташкилоти – MRB Bank бор.
2024 йилнинг ноябрь ойида ТАСС Япония Молия вазирлигининг статистик маълумотларига таяниб, Россия ва Япония ўртасидаги товар айирбошлаш 15,9 фоизга қисқариб, қарийб 650 миллион долларни ташкил этгани, Токио эса 2023 йилнинг шу даврига нисбатан пластмасса экспорти 1000 фоиздан ортиқроққа ошгани ҳақида хабар берди. Япония томони Россияга мототцикллар, автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар ва тиббиёт буюмлари экспортини ҳам оширганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия ҳукумати Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг бир нечта компанияларига санкция киритганди. Британия ҳукумати уларни нега санкцияга дучор қилганини уларнинг Украинани беқарорлаштириш ёки унинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ёки мустақиллигига путур етказишда иштирок этган, молиявий хизматлар кўрсатган ёки Украинанинг беқарорлашувига ёки унинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ёки мустақиллигига путур етказиши мумкин бўлган маблағлар, иқтисодий ресурслар, товарлар ёки технологияларни тақдим этган мазмунидаги важларни сабаб қилиб кўрсатган.
LiveБарчаси