Япония Путинни Абэнинг дафн маросимига таклиф қилмайди – ОАВ

Олам

image
0:00
0:00
download

Япония Россия Президенти Владимир Путинни собиқ бош вазир Синдзо Абэнинг жорий йил сентябрь ойи охирида бўлиб ўтадиган давлат дафн маросимига таклиф қилмайди. Бу ҳақда бугун, 23 июль куни “The Mainichi” газетаси ҳукуматдаги манбаларга таяниб хабар берди. 

Бу Украина атрофидаги вазият туфайли жорий этилган санкциялар доирасида Япония Россия раҳбарияти вакилларининг мамлакатга киришини тақиқлагани билан боғлиқ. Бош вазирлик даврида Абэ Путин билан илиқ дўстона муносабатлар ўрнатган. Улар жами 27 марта учрашишган, бир-бирларига “сен” деб мурожаат қилишган. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 2020 йилда – Абэ Бош вазирликдан кетганидан кейин ҳам – икки етакчи ўртасидаги муносабатлар ҳақиқатан ҳам дўстона, ўзаро ҳурмат ва тушинишга асосланган эканини айтган.  

Япония ҳукумати аввалроқ 8 июлдаги ҳужумда ҳалок бўлган Абэнинг давлат дафн маросимини 27 сентябрь куни ўтказиш тўғрисидаги қарорни маъқуллаган эди. Кўп сонли хорижий делегациялар, жумладан, давлат раҳбарлари даражасида иштирок этиши кутилаётган маросим Токиодаги Император саройи яқинидаги “Будокан” (Жанг санъати зали)да бўлиб ўтади. 

Япония Ташқи ишлар вазири Ёсимаса Хаясининг маълум қилишича, Токиога собиқ Бош вазирнинг вафоти муносабати билан дунёнинг 259 давлатидан 1700 га яқин ҳамдардлик мактублари келган. Шунингдек, Россия Президенти, АҚШ ва Франция етакчилари Жо Байден ва Эммануэль Макрон, ХХР раиси Си Цзиньпин, Буюк Британия қироличаси Елизавета II ва Бош вазир Борис Жонсон ҳамдардлик билдирган. Дафн маросимига ким келишни режалаштираётгани ҳозирча маълум қилинмаган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 июль куни Дзодзёдзи ибодатхонасида Абэнинг оила аъзолари, яқин дўстлари ва ҳамкорлари дафн маросими бўлиб ўтди. Марҳумнинг жасади куйдирилди ва унинг кули солинган идишни беваси Акиэ уйига олиб келди. Собиқ Бош вазирнинг куллари дафн этилган сана ва жой ҳозирча эълон қилинмаган, аммо улар кутилганидек, унинг она шаҳри Ямагути префектураси бўлиши мумкин. У ерда, Нагатода, унинг отаси, собиқ Ташқи ишлар вазири Синтаро Абэнинг қабри бор. У 67 ёшида вафот этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Синдзо Абэ

Баҳолаганлар

155

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг