Япония электрон ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмаларини яратади
Олам
−
22 Февраль 2023 3312 1 дақиқа
2024 молия йилидан бошлаб, Япония қуролли кучларида электрон ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари ишлай бошлайди. Бу ҳақда бугун, 22 февраль куни ҳарбий манбаларга таяниб, “Sankei Shimbun” газетаси хабар берди.
Қайд этилишича, янги бўлинмалар Mitsubishi Electric Corporation томонидан ишлаб чиқилиб, юқори қувватли мобил қурилмалар билан жиҳозланади. Ушбу қурилмалар кучли электромагнит нурланиш оқими ёрдамида душманни кузатиб, самолётларнинг радарларини ўчириш учун мўлжалланган. Натижада радарлар қирувчи самолётларга аниқ маълумот бера олмайди, бу эса уларни йўқ қилишни осонлаштиради.
Шунингдек, мобил қурилмалар душман электрон тизимлари устидан назорат ўрнатиш, алоқа тизимларини бузиш функциясига эга бўлади. Улар учувчисиз транспорт воситаларини, жумладан, дрон ва разведка шарларини қўндира олади.
Манбага кўра, янги бўлинмалар биринчи навбатда Шарқий Хитой денгизида жойлаштирилиши кутилмоқда. Расмий Токио бу ерда, Тайван ороли атрофида ҳарбий тўқнашувлар бўлиши мумин деб ҳисобламоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Япония ўз ҳаво ҳудудига Хитойнинг “жосус шарлари” кирганини айтган эди.
Алибек Бейжанов
Live
Барчаси