Япония Бош вазирнинг ўлдирилиши ортидан диний гуруҳни тергов қилмоқчи

Олам

image

Япония Бош вазири мамлакатнинг собиқ етакчиси Синдзо Абэ ўлдирилганидан сўнг диққат марказида бўлган “Бирдамлик черкови” диний ташкилоти устидан суриштирув ўтказишни буюрди. Бу ҳақида BBC нашри хабар бермоқда.

Собиқ Бош вазирни ўлдиришда айбланаётган шахс мазкур ташкилотни унинг онасини хонавайрон қилишда, Абэни эса ушбу ташкилотни қўллаб-қувватлашда айблаган. Мазкур диний секта устидан текширув эса унинг кўплаб ҳукумат вакиллари билан алоқалари борлигини кўрсатди. Кўтарилган можаро мамлакат Бош вазири Фумио Кисидани ҳукумат вакилларининг ташкилот билан мазкур алоқалари учун узр сўрашга мажбур қилди.

Диний секта аъзолари аввалига текширув ўтказиш борасидаги сўровларни эътиборсиз қолдирган ёки рад этган. Шунга қарамай, ҳукумат мазкур тадбирни ташкил этиш арафасида. Секта аъзолари эса, аввалроқ Абэ қотиллиги учун ноҳақ айбланаётганларини айтишган. “Черков”нинг бир неча собиқ аъзолари ташкилотни қўллаб-қувватлаб, даъволар қўзғатган.

Ўз навбатида, Япония етакчиси диний ташкилот кўпларни хонавайрон қилганлигини тан олди ва “уларга ёрдам бериш учун қилинган ҳаракатлар ҳали ҳам етарли эмас” дея баёнот берди. Ушбу воқеани эса сиёсий шарҳловчилар жаноб Кисиданинг жамоатчилик ишончини қозониш учун ҳаракати сифатида баҳоладилар. Ўтган ойда Кисида партиясининг “черков” билан алоқалари ҳақида хабарлар пайдо бўлгач, унинг сайловчилар орасидаги рейтинги кескин тушиб кетди. Кисида раҳбарлик қилувчи “Либерал-демократик партия” устидан олиб борилган ички тергов унинг 379 депутатидан 179 нафари “Бирдамлик черкови” билан алоқада эканлигини кўрсатди.

Маълумот ўрнида, 1950 йилларнинг бошларида Жанубий Кореяда Сун Мён Мун томонидан ташкил этилган “Бирдамлик черкови” гуруҳи кейинги ўн йил ичида Японияга кириб, ўз издошларини кўпайтира борди ва мустаҳкам мавқега эга бўлиш учун сиёсатчилар билан алоқа ўрнатди. Таҳлилчилар фикрича, гуруҳ ўз издошларини сиёсатчилар идораларига кўнгиллилар ёки бошқа ходимлар сифатида ишлаш учун юборади ва консерватив партия билан алоқа ўрнатади. Либерал Демократик Партия секта билан ҳар қандай ташкилий алоқани рад этган.

Айтиш ўринлики, собиқ Бош вазир Абэнинг диний гуруҳ билан алоқаси унинг ўлимидан олдин ижтимоий тармоқларда кун мавзусига айланиб улгурган эди. У ўтган йили “черков” билан боғлиқ тадбирда иштирок этгани айтилади. Абэнинг бобоси, шунингдек, Япониянинг собиқ Бош вазири, антикоммунистик табиати туфайли сектага яқин бўлган, деб ишонилган.

Абэга суиқасд

Жорий йилнинг 8 июль куни Япониянинг собиқ Бош вазири Синдзо Абэ кўчадаги чиқиши давомида отиб кетилди. 41 ёшли япониялик Тетсуя Ямагами қўлбола ўқотар қурол билан уни икки марта отиб ташлади. Абэ қутқарув вертолётида шифохонага етказилди. Шифокорлар унга қон қуйишди ва бир неча соат давомида унинг ҳаёти учун курашдилар. Собиқ Бош вазир 67 ёшида вафот этди.

12 июль куни Токиодаги Зожожи ибодатхонасида оила аъзолари, яқин дўстлари ва ҳамкорлари учун шахсий буддист дафн маросими бўлиб ўтди. Абэнинг жасади кремация қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

59

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг