Япония Афғонистонга ҳарбий самолёт юборади 

Олам

image

Япония ҳукумати ўз фуқароларини, шунингдек мамлакатнинг Қобулдаги ваколатхоналарида ишлаган маҳаллий аҳолини эвакуация қилиш учун Афғонистонга Ўзини ҳимоя қилиш кучларининг транспорт самолётини юборишга қарор қилди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси Бош котиби Кацунобу Като Токиодаги матбуот анжуманида маълум қилди.  

“Бугун кечқурун эвакуацияни амалга ошириш учун Афғонистонга биринчи самолёт юборилади. Бу масала миллий хавфсизлик кенгашининг эрталабки йиғилишида муҳокама қилинди”, деган у. 

Унга кўра, гап C-130 (“Си-130”) ҳарбий транспорт самолёти ҳақида кетмоқда. 

Таъкидланишича, биринчи ўринда Япония фуқаролари ва уларнинг оила аъзолари эвакуация қилинади. Шунингдек, Япония элчихонасида, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ваколатхонасида ва бошқа ташкилотларда ишлаган маҳаллий аҳолини Афғонистондан олиб чиқиш режалаштирилган. 

Маълумот ўрнида, Япония Қобулдаги дипломатик ваколатхонасини вақтинчалик ёпган. Ҳозиргача Япония элчихонасининг барча ходимлари Дубайга эвакуация қилинган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ, Британия, Франция, Ҳиндистон, Швейцария, Германия каби давлатлар Афғонистондан эвакуация қилиш ишларини амалга оширмоқда.

Хусусан, Германия эвакуация ишларини Ўзбекистон орқали амалга оширяпти. Швейцария ҳам Ўзбекистон ҳудудидан транзит сифатида фойдаланишни режалаштирмоқда.

20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ

2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. 

Афғонистондаги давлат тўнтариши

Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Япония

Баҳолаганлар

149

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг