Япония ҳам Рамзан Қодировнинг онасини “қора рўйхат”га киритди

Олам

image

Япония ҳукумати Россия ва қатор хорижий компанияларга қарши янги санкциялар жорий қилди. Мамлакат Вазирлар Маҳкамаси ўз сайтида тегишли ҳужжатни эълон қилди.

Унга кўра, агар Японияда мавжудлиги аниқланса, 14 нафар жисмоний шахс, 47 та ташкилот, шунингдек, “Артек” болалар оромгоҳи активлари музлатилади. Санкциялар рўйхатига Аҳмад Қодиров номидаги минтақавий жамоат фонди ва унинг президенти – Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг онаси Аймани Қодирова, шунингдек, “Биринчилар” ҳаракати киритилган.

Шунингдек, чекловларга “Урал” автомобиль заводи, Арзамас енгил машинасозлик заводи, Ҳарбий-саноат компанияси, Брянск автомобиль заводи, “Ремдизель”, Липецк механика заводи, “Инкотех”, “Трансконтейнер” компаниялари, Тула қурол заводи, “Базальт” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, “Прибор” ва “Искра” корхоналари ҳамда бошқа қатор ташкилотлар тушган. Шунингдек, яна иккита Россия компанияси – Alfa Machinery Group ва “Внешекостил”га экспорт чекловлари жорий этилган.

Маълумот учун, Япония Россияга қарши санкциялар пакетини 2022 йил баҳорида жорий қила бошлаган. Бунга жавобан Москва Токио билан тинчлик шартномаси бўйича маслаҳатлашувларни тўхтатди, Курил жанубида қўшма хўжалик фаолияти бўйича музокаралардан чиқди.

Қайд этиш жоиз, 2022 йилда Россия Президенти Владимир Путин Аймани Қодировани “ижтимоий фаоллиги учун” фахрий орден билан мукофотлаган. Мукофотни шарҳлар экан, Чеченистон раҳбари унинг бошчилигидаги фонд жанговар ҳудудларга мунтазам гуманитар ёрдам юбориб келаётганини эслатган. Бу эса Қодирова қўли остидаги фонд Россия армиясини қўллаб-қувватлаётганини кўрсатади. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия ҳам Рамзан Қодировнинг онаси Аймани Қодирова ва у бошқарадиган Аҳмад Ҳожи Қодиров номидаги фондни санкциялар рўйхатига киритганди. Чеклов қўйилган шахсларнинг активлари Буюк Британия ҳудудида музлатилади, шунингдек, уларга мамлакатга кириш тақиқланади. Британия ҳукумати Аймани Қодировани рўйхатга киритилишига асосий сабаби сифатида унинг фонди ва Россия ҳукумати ўртасида алоқалар борлигини кўрсатган. Қироллик уни “жалб қилинган шахс” деб атаган.


Мақола муаллифи

Теглар

санкция Япония Рамзан Қодиров Аймани Қодирова

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг