Янглишиб тўланган солиқларни қайтариш шартлари ўзгартирилмоқда
Жамият
−
21 Июнь 2021
4948Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасининг Aдлия вазирлиги томонидан 2016-йил 30-мартда 2771-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган қарорига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 103-105-моддаларига асосан ортиқча тўланган солиқларни ҳисобга олиш ҳамда қайтариш бўйича киритилган қўшимча ва ўзгартиришлардан келиб чиқиб қарор лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Жумладан, ортиқча тўланган (ортиқча ундирилган) солиқларни ҳисобга олиш ва (ёки) қайтариш бўйича солиқ тўловчининг аризаси келиб тушган кундан бошлаб ўн кун ичида солиқ органининг қарори қабул қилиниб, бу ҳақда солиқ тўловчини уч кун ичида хабардор қилиниши белгиланмоқда.
Шунингдек, янглишиб тўланган солиқ суммалари, шунингдек пенялар ва (ёки) жарималар солиқ тўловчига унинг ёхуд банкнинг ёки Ўзбекистон Республикаси Ғазначилигининг ёзма мурожаати асосида, агар хатолик улар томонидан йўл қўйилган бўлса, қайтарилиши маълум қилинган.
Лойиҳада қуйидагилар назарда тутилмоқда:
• ортиқча тўланган (ортиқча ундирилган) солиқларни ҳисобга олиш ва (ёки) қайтариш бўйича солиқ органининг қарор қабул қилиниши;
• суд ҳужжатлари ва солиқ органининг қарорларига асосан мажбурий ижро бюроси томонидан ундирилган солиқ ва йиғимларни бюджетга ўтказиш бўйича тўлов топшириқномаси намунаси;
• ортиқча тўланган (ортиқча ундирилган) ёки хатолик билан тўланган солиқ (пеня, жарима) суммаларини бошқа солиқ қарзига ҳисобга олиш бўйича тайёрланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробаридан ошмаган топшириқнома ва қарорларни Ғазначилик бўлимларига автоматик юбориш;
• ижрога қабул қилинган топшириқнома ва қарорларни солиқ органининг мурожаатига асосан вақтинчалик тўхтатиб турилиши ёки қайтарилиши;
• 5 иш куни мобайнида ҳисоб рақамларда жорий тушумлар етишмаган топшириқнома ва қарорларнинг ижросини тегишли бюджетнинг шахсий ғазна ҳисоб варағидан амалга оширилиши.
Натижада, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 30-декабрдаги ПҚ-4555-сон қарори ва Солиқ кодексининг 103-105-моддалари талаблари бажарилади, ортиқча тўланган (ундирилган) солиқларни ҳисобга олиш ва (ёки) қайтариш муддатлари қисқаради, солиқ органининг масъулияти оширилади ва тизим автоматлашади, дейилади хабарда.
Юлдуз Абдурашидова
LiveБарчаси