Янги зиддият хавфи: “Толибон” ва Тожикистон умумий чегара томон қўшин тортди
Олам
−
30 Сентябрь 2021
48970Расмий Москва Тожикистон ва Афғонистон муносабатларида кескинлик кучаётганидан хавотирда. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Тожикистон ва Афғонистон умумий чегарага қўшин тортаётгани қайд этилган. Россия Душанбе ва Қобулни вазиятни ҳал қилишнинг ўзаро мақбул вариантларини излашга чақирган.
Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Британиянинг “Financial Times” газетаси Душанбени “Толибон”га қарши кучларни қўллаб-қувватлашда айблаб, Тожикистонни толибларга қарши кучларнинг маркази, деб атаган эди.
“Жаҳон ҳамжамияти “Толибон” билан келишишга ҳаракат қилаётган бир вақтда, расмий Душанбе Афғонистондаги янги ҳукуматнинг ашаддий танқидчисига айланмоқда”, дея ёзган “Financial Times”.
Ўз навбатида, “Толибон” ҳам Тожикистонни Афғонистоннинг ички ишларига аралашишда айблаган. Афғонистон Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари Абдул Ғани Бародар Тожикистон мамлакатнинг ҳар бир ҳаракатига қарши реакция билдираётганини қайд этган.
“Толибон” Тожикистоннинг Афғонистон ишларига аралашмаслигини истаётган бўлса, расмий Душанбе толиблар тузадиган ҳукумат таркибида тожикларнинг ҳам бўлишини истамоқда. Бунда аҳолисининг асосий қисми тожиклардан иборат бўлган Афғонистоннинг Панжшер вилояти муҳим роль ўйнаши мумкин.
Минтақа гегемонлари қандай позицияда?
Шу ўринда Россиянинг Тожикистонда 201-ҳарбий базаси борлигини эслаб ўтиш керак. Ушбу база Россиянинг чет элда жойлашган энг йирик ҳарбий объектидир. Бундан ташқари, “Толибон” Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаш мақсадида ҳарбий ҳаракатларни кучайтирган вақтда Россия ушбу базасини ҳар томонлама модернизация қилди. Бу эса толибларнинг Тожикистонга ҳужум қилиш эҳтимоллини кескин камайтиради. Қолаверса, толиблар бир қанча чиқишларида Марказий Осиё давлатларига хавф туғдирмасликларини маълум қилган.
Хитой Афғонистонда ҳокимият тепасига толиблар келганидан бери улар билан яхши муносабат ўрнатишга ҳаракат қилмоқда. “Толибон” расмий вакили Забиҳулло Мужоҳид иқтисодий соҳада Хитойни Афғонистоннинг асосий иттифоқчиси сифатида қайд этган. Бу ҳам бежиз эмас. Бироқ, Тожикистон ҳам Хитой билан иқтисодий ва молиявий жиҳатдан боғлиқ. Хусусан, Тожикистоннинг энг йирик кредитори ҳам айнан Хитойдир. Жорий йилнинг март ойи ҳолатига кўра, Тожикистоннинг Хитойдан қарзи 1,1 миллиард долларга тенг. Кўриниб турибдики, Хитой иккала томондан ҳам манфаатдор. Агар зиддият чиқадиган бўлса, Хитой иккисидан бирини танлашда мураккаб вазиятга тушиши мумкин.
Шу ўринда, жорий йилнинг 17-18 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тожикистон пойтахти Душанбеда бўлиб ўтган саммитини ёдга олиш керак. Гап шундаки, ўша саммитга Россия Президенти Владимир Путин ҳамда Хитой раҳбари Си Цзиньпин келмаган эди. Тожикистонлик сиёсатшунослар буни Путин, Си Цзиньпин ва Имомали Раҳмоннинг “Толибон” бўйича фикри бир жойдан чиқмаётгани билан боғлаган.
LiveБарчаси