Янги солиқ кодексида нималар ўзгарди?
Таҳлил
−
02 Январь 2020
14147Ижтимоий тармоқларда XXI бўлим, 71 боб ва 480та моддадан иборат янги таҳрирдаги Солиқ кодекси матни эълон қилинди. Янги солиқ кодексини қабул қилишда солиқ механизмларини оптималлаштириш ва аҳоли, тадбиркорларга солиқ юкини камайтириш мақсад қилинганди.
Солиқ ўзгаришларини амалга оширишда 3 та масала – солиқ юкини камайтириш, солиққа тортишни соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштиришни ҳал этиш вазифаси белгиланганди.
Солиқ юкини камайтиришда ҚҚС (қўшимча қиймат солиғи) бўйича ҳосил бўлган ортиқча суммани қайтариш, асосий воситалар ҳамда кўчмас мулк объектлари бўйича ҚҚС бир йўла ҳисобга олиниши белгиланди. Бюджет ташкилотларидан бошқа барча тадбиркорлик субъектлари учун ягона ижтимоий тўлов 12 фоиз миқдорида белгиланди. Бу кўрсаткич аввал 25 фоиз эди.
Янги кодексда ЯТТлар (якка тартибдаги тадбиркорлар) тўлайдиган солиқ суммаси 30 фоизгача камайтирилиши белгиланди. Эски кодексга кўра, ЯТТлар солиқ тўлашда деярли бошқа фаолияти кенг даражадаги юридик шахслар тўлайдиган суммани тўларди. Лекин уларнинг хўжалик юритуви ва фаолият горизонти бунинг аксини кўрсатади. Ривожланган давлатларда ҳам мавжуд бу фаолият турига (sole proprietorship) солиқ юки анча камайтирилган.
Эски кодексда мавжуд бўлган 13та солиқ турлари янгисида 9тагача камайтирилди. Улар қуйидагилардан иборат:
1) қўшилган қиймат солиғи;
2) акциз солиғи;
3) фойда солиғи;
4) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;
5) ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ;
6) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
7) мол-мулк солиғи;
8) ер солиғи;
9) ижтимоий солиқ.
Ягона ер солиғи, давлат божи, божхона тўловлари ва тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ турлари бекор қилинди. Кодексда солиқ органлари солиқ текширувларининг камерал солиқ текшируви, сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудитини ўтказиши белгилаб қўйилди.
Якка тартибдаги тадбиркорларга солиқларни тўлашни танлаш ҳуқуқи берилмоқда. Хусусан, улар солиқни қатъий белгиланган миқдорларда тўлаш ёҳуд жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисида декларация асосида тўлаши мумкин бўлади.
Солиқ назорати шакллари 13 тадан 2 тага қисқартирилди. Текширишларни тайинлаш тартибига ўзгартириш киритилмоқда, текширишлар инсон омилисиз фақат дастур асосида амалга оширилади. Давлат солиқ хизмати органлари эндиликда жарималарни профилактик тадбирлар ўтказгандан кейингина қўллайди.
Янги кодексда ортиқча ундирилган солиқ қайтарилишида фоизлар қўшилиши ҳам белгилаб қўйилди. Унга кўра, Ортиқча ундирилган солиқ суммасига фоизлар солиқ тўловчи ундан солиқ ортиқча ундирилгани факти ўзига маълум бўлган кундан ёки суднинг қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан ўттиз кун ичида мурожаат этган тақдирда ҳисобланади. Фоизлар ундирилган кундан кейинги кундан эътиборан ҳақиқий ҳисобга олинган (қайтарилган) кунга қадар ҳисобланади.
Ҳисобланган фоизлар тегишли бюджет маблағлари ҳисобидан тўланади. Фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг шу кунлардаги амал қилаётган қайта молиялаштириш ставкасига тенг этиб қабул қилинади.
Концерт-томоша кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиш учун лицензияга эга бўлган юридик ва жисмоний шахсларни (шу жумладан норезидентларни) жалб этиш йўли билан оммавий томоша тадбирларини ташкил этишдан даромадлар оладиган юридик шахслар учун солиқ ставкаси 5 фоиз қилиб белгиланди.
2019 йилнинг 3 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида янги таҳрирдаги Солиқ кодекси тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилганди.
Унда парламент қуйи палатаси депутатлари, парламент қуйи палатасининг Давлат бюджети бошқармаси ходимлари ҳамда Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги мутасадди раҳбарлари, солиқ маслаҳатчилари иштирок этганди.
Солиқ кодексидаги концептуал ўзгаришлар, энг аввало, солиқ қонунчилиги нормалари қўлланилишини максимал даражада соддалаштириб, қарама-қаршиликлар ва зиддиятли ҳолатларни бартараф этиш, солиқ назорати механизмларини такомиллаштириш, инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилгани айтилганди.