“Янги Ўзбекистон”га нега бунча тез дарз кетди?
Жамият
−
13 Январь 2022
63777Ижтимоий тармоқларда “Янги Ўзбекистон” боғидаги “Истиқлол” стелласи барельефига зарар етгани, йўлакларда ёриқлар пайдо бўлгани ва бошқа камчиликлар акс этган суратлар тарқалганди. Ушбу ҳолатга Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги муносабат билдирди.
Қайд этилишича, вазирлик Матбуот хизмати ходимлари “Янги Ўзбекистон боғи”да бўлиб, мавжуд ҳолатни ўрганган.
Барельеф муаллифи, ҳайкалтарош Шоҳрух Ўрозовнинг маълум қилишича, барельефнинг ҳозирги кўриниши вақтинча гипсдан тайёрланган ва стелланинг юзасига мослаб ишланган ҳайкалтарошлик иши саналади.
Шоҳрух Ўрозовнинг сўзларига кўра, шу кунларда ижодий ишларнинг бадиий даражаси юқори бўлиши учун уни бронзага кўчириш ишлари олиб борилмоқда. Унинг маълум қилишича, барча ҳайкалтарошлик намуналари одатда дастлаб гипсдан тайёрланади. Сўнг маълум синов муддати ўтгач, бронза ёки тошларга кўчирилади. Ҳозирда стелла мажмуасига ишланган барельефнинг бронза кўриниши деярли 60-70 фоиз тайёр ҳолатга келтирилган ва тез кунларда мажмуага олиб келиб ўрнатилади.
“Аслида ҳайкалтарошлик технологиясида биринчи эскиз тайёрланади, кейин ишчи модел, ундан кейин гипс вариантда модел яратилади. Шундан сўнг, қолип олиб, қаттиқ материалларга бронза, мис ёки тошларга кўчирилади.
Ижтимоий тармоқларда ишлар сифатсиз қилинган дейилмоқда. Аслида сифатсиз эмас, гипс вариантда турибди. Ёмғир, қор таъсирида устидаги бўёқлари кўчган, лекин гисп варианти турибди. Ҳозирда бронзага кўчириш жараёни жадаллик билан кетмоқда, бронзадан қилинадиган ишларнинг деярли 60-70 фоизи тайёр. Уни олиб келиб ўрнатилганидан кейин, гипс олиб ташланади. Бронза вариантида бундай ёмон кўриниш рўй бермайди”, дейди ҳайкалтарош.
Эслатиб ўтамиз, “Янги Ўзбекистон” боғи ва “Истиқлол” стелласи Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилганди. Қурилиш ишларига Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бош-қош бўлган.
LiveБарчаси