Янги ўқув йили эскисидан нимаси билан фарқли?
Жамият
−
04 Сентябрь 2019
4704Бугун, 4 сентябрь куни Ўзбекистоннинг барча – 9904 та умумтаълим мактабида янги 2019-2020 ўқув йили бошланди.
Жорий йилда 937 та мактабда инвестиция ва бошқа давлат дастури доирасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, бунинг учун 2,86 трлн сўм маблағ сарфланди. Бу кўрсаткич ўтган йилга (1,47 трлн сўм) нисбатан қарийиб икки бараварга кўп, деб хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати.
Қайд этилишича, таълим сифати нисбатан юқори бўлган таълим муассасалари тажрибасини бошқа умумтаълим мактабларида жорий этиш мақсадида намунали мактаблар негизида 71 та тармоқ мактаблари ташкил этилди.
Фаолиятини тугатаётган 383 та касб-ҳунар коллежларининг биноси (шундан 154 таси янги мактаб, 229 таси қўшимча бино) мактабларга берилиши натижасида қўшимча 224 мингдан ортиқ ўқувчи ўринлари яратилди.
Инвестиция дастури доирасида 53 та умумий ўрта таълим мактаблари янги қурилиш ва 210 тасини реконструкция қилиш ҳисобига жами 646 та мактабларда белгиланган меъёрларга нисбатан сиғими 1,5 коэффициентгача тушишига эришилди. Бу эса ўз навбатида ўқувчилар учун шароитларни янада яхшилаб, таълим сифатини оширишга хизмат қилади.
Умумтаълим мактабларини жиҳозлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 августдаги 671-ф-сон фармойиши қабул қилинган бўлиб, ушбу ҳужжатга асосан, 2019 йилда 533 та умумтаълим таълим маетаблари 68 292 тўплам парта (1 дона парта, 2 дона стул), 6 614 та ўқитувчи столи, 7 995 ўқитувчилар стули, 4 838 та синф доскаси, 115 тўплам физика лабораторияси, 117 тўплам кимё лабораторияси, 118 тўплам биология лабораторияси, 80 та фаоллар зали, 72 та ўқув устахона, 340 та маъмурий-методик хона (шундан 90 таси кутубхона), 27 та спорт зал, 86 та ошхона жиҳозлари билан таъминланиши режалаштирилган. Ҳозирги кунда жиҳозлар босқчима-босқич мактабларга етказилмоқда.
2019-2020 ўқув йилида мактабларда жами 6,16 млн нафар ўқувчи таҳсил олади. Бу эса ўтган ўқув йилига нисбатан 338,56 минг нафар ўқувчи кўп эканлигидан далолат беради. Шундан 620 минг нафардан ортиқ ўқувчилар илк бор 1-синфга қадам қўяди.
Ўқув йилининг биринчи кунида 1-синфга чиққан барча ўқувчиларга “Президент совғаси” топширилади. Ҳозирда “Президент совғаси”ни таълим муассасаларига етказиб бериш ишлари якунланмоқда.
Жорий ўқув йилида 1-синф ўқувчилари учун бериладиган “Президент совғаси” таркибидаги маҳсулотларнинг сифатига катта аҳамият берилди. 1-синф ўқувчилари учун “Президент совғаси”дан 12 турдаги ўқув қуроллари ўрин олган. Жумладан, ёруғлик қайтаргич элементлари бўлган портфел, 2 хил чизиқдаги 12 дона дафтар, қаламдон, расм дафтари, рангли қоғоз, шарикли ручка, акварел буёқлари, рангли қаламлар жамланмаси, елим, оддий қаламлар ва ўчирғич янги ўқув йилининг илк куни “Президент совғаси” сифатида 1-синф ўқувчиларига топширилади.
2019-2020 ўқув йилида умумий ўрта таълим мактабларининг 1-, 3-, 8-, 9-синфлари учун жами 479 номда 36,5 млн нусха дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар нашр этилди.
Янги ўқув йили учун дарслик ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни нашрга тайёрлашда асосий эътибор мазмун ва сифат жиҳатидан халқаро талабларга жавоб беришига қаратилди.
Яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, дарслик ва ўқув-методик адабиётларнинг мазмунига халқаро баҳолаш дастури PISA, TIMSS талаблари сингдирилди.
Шунингдек, дарсликлар инновацион ёндашув асосида тайёрланди. Бунда ўқувчиларни мантиқий фикрлашга йўналтирилган таълимий ўйин, машқ, масала ва топшириқларга урғу берилди.
Яна бир янгилик, ўқувчилар, ўқитувчилар, ота-оналарга кенг имкониятлар яратиш мақсадида 2019-2020 ўқув йилида умумий ўрта таълим мактабларининг 8-9-синфлар учун Технология дарслигининг янги авлоди (мустақиллик йилларида илк маротаба) чоп этилди ҳамда ижара тизимига киритилди. Аҳамиятлиси, мазкур дарсликлар 7 тилда нашр этилди.
Технология ва 8-синф Она тили дарсликлари мазмуни ўқувчиларнинг техник қобилиятини ривожлантиришга оид амалий, креатив, мантиқий ёндошувга асосланган топшириқлар билан бойитилди. Бу STEAM технологиялари талаблари асосида амалга оширилди.
8-синфлар учун География, Технология ҳамда Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқи асослари дарсликларида QR-код ёрдамида қўшимча маълумот олиш имконияти яратилди. 8-9-синф Тарих дарсликлари хариталар билан бойитилди.
2019-2020 ўқув йилида имконияти чекланган болалар мактаб ва мактаб-интернатлари учун 78 номда 60,6 минг нусха дарслик ҳамда ўқув қўлланмалар чоп этилди. Шундан 8 номдагиси кўзи ожизлар учун Брайль алифбосидаги дарсликлар ҳисобланади. Дарсликлар мактабларга етказилди.
2019-2020 ўқув йилида 247 372 дона синф журналлари чоп этилиб, “Ўқув таълим-таъминот” Давлат унитар корхонаси томонидан барча умумий ўрта таълим мактабларига етказилди.
Бундан ташқари, 99 440 дона 1-4-синф журналлари, 633 575 дона баҳолар табели (1-11-синфлар), 453 207 дона баҳолар табели (10-11-синфлар учун) ва 15 000 дона тўгарак машғулотлар журналлари таълим муассасаларига етказилди.
2019-2020 ўқув йили режаси Халқ таълими вазирлигининг 2018 йил 29 октябрдаги 266-сон буйруғи билан тасдиқланиб, ҳудудий бошқармалар орқали барча умумтаълим мактабларига етказилди.
Бу йилги ўқув режага киритилган энг катта ўзгаришлардан бири - таълим рус тили ва қардош тилларда олиб бориладиган умумтаълим мактабларида давлат (ўзбек) тилини чуқурроқ ўргатиш мақсадида 5-синфдан бошлаб, ўзбек тили фанига ҳафтасига қўшимча 1 соат қўшиб берилди.
LiveБарчаси