Yandex Uzbekistan сунъий интеллект асосида янгиланган қидирув хизматини тақдим этди
Бизнес
−
30 Июль 4354 3 дақиқа
Yandex Uzbekistan янгиланган Yandex Search хизматини тақдим этди. Энди хизмат ўзбек тилида ўқитилган нейрон тармоқлардан фойдаланади. Шу туфайли Yandex Search ўзбек тилидаги сўровларни янада яхшироқ тушуниб, интернетдаги контентни топиш ва уни ўзбек тилига таржима қилишда ёрдам беради. Нейросетлар ёрдамида хизмат фойдаланувчи берган саволларга қисқа ва мазмунли жавоблар тайёрлаб, уларни чат орқали тақдим этиш ҳамда маълумотни аниқлаш қобилиятига эга бўлди.

Янги имкониятлар доирасида Yandex Search рус ва инглиз тилларидаги контентни ўзбек тилига таржима қилиши мумкин. Бунда хизмат миллий контекстни ҳам ҳисобга олади, бу эса таржималарни янада аниқ ва сифатли қилади. Янгиланган Yandex Search туфайли ўзбек тилида 11,6 миллиондан ортиқ матнлар фойдаланиш учун очиқ бўлди. Улар орасида Wikipedia материаллари ва, масалан, IT мутахассислари учун халқаро савол-жавоб платформаси бўлган Stack Overflow ҳам бор.

Бундан ташқари, фойдаланувчилар энди Yandex Search’да чат орқали савол беришлари ва жавобни дарҳол олишлари мумкин. Янги функция yandex.uz сайтининг бош саҳифасида мутлақо бепул тақдим этилган. Фойдаланувчи саволига жавоб – қидирув натижаларида веб-сайтлар ҳаволаларидан юқорида пайдо бўлади. Бунгача нейрон тармоқлар сўровни таҳлил қилади ва агар турли манбалар асосида қисқа ва фойдали жавоб бериш мумкин бўлса, шуни тайёрлаб тақдим этади. Шунингдек, қидирув сатри остидаги Yandex AI танловини босиш орқали сиз ҳар қандай ҳолатда нейросетлар томонидан тузилган жавобни олишингиз мумкин.

Фойдаланувчилар Yandex Search’да ўзбекча ёки русча савол бериши мумкин ва жавоб ҳам шу тилда бўлади. Масалан, хизмат “Амир Темур нимаси билан машҳур?”, “Манчестер Сити” жамоасида қайси ўзбек футболчиси ўйнайди?”, “Самарқанд паловини тайёрлашдаги ўзига хосликлар нимада?” каби саволларга жавоб бера олади. Шунингдек, интернетда тайёр жавоб бўлмаган саволларга ҳам жавоб беришга ҳаракат қилади. Масалан, бир кунда кўриб чиқиш мумкин бўлган Бухородаги диққатга сазовор жойларни тавсия қилади.

Хизмат жавобни тақдим этгандан сўнг, саволни аниқлаштирувчи қўшимча саволларни бериш имкони ҳам мавжуд. Нейросетлар шу мавзу доирасида қизиқиш уйғотувчи қўшимча саволларни таклиф қилиб, фойдаланувчига мавзуни чуқурроқ ўрганишда ёрдам беради.
Yandex Search нейрон тармоқлари туфайли табиий инсон тилини яхши тушунади. Шу сабабли, унга саволларни оддий одамлар одатда қай тарзда гапирса, худди шундай бериш мумкин. Сервис интернетда фақатгина сўнгги соатларда пайдо бўлган янгиликлардан ҳам фойдаланиб, долзарб маълумотлар тақдим этади. Шу билан бирга, жавоб берилган манбага ҳавола ҳам илова қилинади – фойдаланувчи керак бўлса, уни босиб, маълумот манбасини тўлиқ кўриши мумкин.
Yandex Uzbekistan мамлакатда рақамли муҳит ва фойдаланувчилар ҳаётини яхшилаш мақсадида янги технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш билан шуғулланади. Компания Ўзбекистонда 2018 йилдан бери фаолият юритиб келади. Ҳозирда у аҳолига онлайн такси чақириш, таом етказиб бериш, булут ва геохизматлар, кўнгилочар платформалар ҳамда таълим соҳасидаги хизматларни таклиф қилмоқда.
Live
Барчаси