Яна бир хусусий университетнинг лицензияси бекор қилинди
Жамият
−
09 Май
36533Ўзбекистондаги яна бир нодавлат олий таълим муассасаси – Тошкент Технологиялар университети лицензияси бекор қилинди. Бу ҳақда кеча, 8 май куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги раҳбарияти маълум қилди.
Тафсилотларга кўра, 2024 йилнинг 19 апрель куни Тошкент Технологиялар университетининг лицензиясини бекор қилиш бўйича суднинг ажрими эълон қилинган. Келаси ўқув йилидан бошлаб университет ўз фаолиятини давом эттирмайди. Университет талабалари эса бошқа олийгоҳларга ўқишга кўчирилади.
Таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш, лицензиялаш, таълим сифатини таъминлаш департаменти бошлиғи Абдували Холиқов нодавлат ОТМ билан вазирлик ўртасида олиб борилган суд ишларига аниқлик киритди.
“Дастлабки босқичдаги ўрганишлар натижаси бўйича 5 та нодавлат ОТМ лицензияси бекор қилинди, суд қарори бўйича ва белгиланган тартибда. Бундан ташқари, бир нечтаси ўрганиш натижаси бўйича судга берилди ва улар белгиланган муддатларда камчиликларини бартараф этганлиги ва судда буни асослаб берганлиги учун суд жараёни тўхтатилди ва ОТМ фаолиятини давом эттиришга рухсат берилди. Текширув ўтказилган ҳаммаси ҳам ёпилгани йўқ. Адашмасам, яқинда бир манбадан маълумот чиқдики, йирик нодавлат ОТМ ёпилиши режалаштирилган, деган. Бунга ўхшаш ҳеч қандай режа йўқ”, дейди департамент бошлиғи.
Абдували Холиқов, шунингдек, нодавлат ОТМларда нима учун рейд ўтказилаётганига изоҳ берди:
“Қачон нодавлат ОТМга ўрганишга борилади? Қачонки ўша ташкилотдан норозилик сифатида мурожаат бўлганида. “Риск аналог” деган нарса бор, яъни қизил ёнганда. Ўша ернинг талабалари вазирликка мурожаат қилишади. Ўша мурожаат асосида бизнес омбудсманга гапирамиз. Ўз-ўзидан вазирлик бориб текширолмайди, киролмайди ҳам... Рухсат олган ҳолда қонун доирасида ўрганилади ва инсон – айнан талабаларга, профессор ўқитувчиларга салбий таъсир қиладиган омиллар аниқланганида уларнинг фаолияти бўйича судга мурожаат қилинади”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал QALAMPIR.UZ’нинг “Ўзбекистонда хусусий университетларга қарши кураш бошландими?” номли мақоласи эълон қилинган эди. Унда интервью берган нодавлат ОТМ директори вазирликка алоқаси бўлмаган шахслар ундан пул талаб қилгани, вазирлик ходимлари ҳеч қандай огоҳлантиришсиз келиб, далолатнома тузиб кетгани ҳақида гапириб берган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь