Яна бир давлат Россия дипломатларига “чиқиш эшикларини кўрсатди”
Олам
−
06 Апрель 2022
7810Греция республикада аккредитация қилинган Россия дипломатик ваколатхоналарининг 12 нафар ходимини персона нон грата (исталмаган шахс) деб эълон қилди. Бу ҳақда Греция Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида маълум қилинди.
Баёнотга кўра, ушбу ходимлар 1961 йилдаги Дипломатик муносабатлар тўғрисидаги ва 1963 йилдаги Консуллик алоқалари тўғрисидаги Вена конвенцияси қоидаларига мувофиқ номақбул шахслар деб эълон қилинган.
Қайд этилишича, Россиянинг Грециядаги элчиси 12 нафар ходимини персона нон грата деб эълон қилиниши ҳақидаги қарор юзасидан хабардор қилинган.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 4 апрель куни Россиянинг Берлиндаги элчиси Германия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, Россия дипломатик миссиясининг 40 нафар ходими мамлакатдан чиқариб юборилгани ҳақида огоҳлантирилган. Шунингдек, Париж россиялик 35 дипломатни мамлакатдан чиқариб юборишини маълум қилган.
Шунингдек, Испания 25 нафар, Дания эса 15 нафар рус дипломатларини мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилди.
Жорий йилнинг 29 март куни эса Европанинг бир қатор давлатлари, жумладан Бельгия, Нидерландия ва Ирландия Россиянинг Украинага ҳужуми фонида россиялик дипломатларни чиқариб юборишини маълум қилган. Маълумотларга кўра, 21 нафар россиялик дипломат Бельгияни, 17 нафари Нидерландияни, тўрт нафари Ирландияни тарк этиши керак.
LiveБарчаси