АҚШ Яман ҳусийларини террорчи деб эълон қилди
Олам
−
05 Март 3265 2 дақиқа
Ямандаги ҳусийлар ҳаракати АҚШда “хорижий террорчи ташкилот” мақомини олди. Бу ҳақда кеча, 4 март куни АҚШ Давлат департаментининг тегишли баёноти эълон қилинди.
Шундай қилиб, АҚШ Президенти Дональд Трампнинг 22 январдаги тегишли фармони кучга кирди.
Фармон матнида таъкидланишича, 2023 йилдан бери ҳусийлар Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси кўмагида АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари ҳарбий кемаларига ўнлаб марта ўқ узган.
“2014-2015 йилларда ҳусийлар фуқаролик инфратузилмасига кўплаб ҳужумлар уюштирди, жумладан Саудия Арабистонидаги фуқаролик аэропортларига бир неча марта ҳужумлар уюштирди, 2022 йил январида Бирлашган Араб Амирликларига ҳужумлар уюштирди ва 2023 йил октябрь ойидан бери Исроилга 300 дан ортиқ снарядлар отди”, дейилади ҳужжатда.
АҚШ маълумотларига кўра, 2023 йилдан бери ҳусийлар Қизил денгиз ва Адан кўрфазидаги савдо кемаларига 100 мартадан ортиқ ҳужум қилишган.
“Хусийларнинг ҳаракатлари Яқин Шарқдаги америкалик тинч аҳоли ва ходимлар хавфсизлигига, энг яқин минтақавий ҳамкорларимиз хавфсизлигига ва глобал денгиз савдоси барқарорлигига таҳдид солади”, дейилади Давлат департаменти баёнотида.
Терроризмни таснифлашда Қўшма Штатлар "Махсус белгиланган глобал террорчилар" ва "хорижий террористик ташкилотлар"ни ажратади. Санкциялар доираси уларнинг рўйхатлардан қайси бирига киритилганлигига боғлиқ.
Қайд этиш жоиз, Дональд Трамп биринчи маъмурияти даврида ҳусийлар ҳаракатини террорчилик ташкилотлари рўйхатига киритган. Бироқ ҳокимиятга Жо Байден келгач, улар ушбу рўйхатдан чиқарилган. АҚШнинг собиқ давлат котиби Энтони Блинкен ўшанда бу қарор гуманитар сабабларга кўра қабул қилинганини айтганди.
Маълумот учун, Ғазо секторидаги можаро авж олгандан сўнг, ҳусийлар Исроилни ўққа тутиши ва Фаластин анклавидаги операция тўхтатилмагунча унга алоқадор кемаларнинг Қизил денгиз ва Боб ал-Мандеб бўғози сувлари орқали ўтишига рухсат бермаслиги ҳақида огоҳлантирган. Ўтган йилнинг ноябрь ойидан бери ҳусийлар Қизил денгиз ва Адан кўрфазида фуқаролик кемаларига ҳужум қилган.
Ҳусийларнинг ҳаракатларига жавобан Америка расмийлари Қизил денгизда навигация эркинлигини таъминлаш ва кемаларни ҳимоя қилиш мақсадида халқаро коалиция тузилгани ва “Gardian of Prosperity” операцияси бошланганини эълон қилди. Кейинчалик Буюк Британия ва АҚШ қуролли кучлари Яманнинг турли вилоятларидаги ҳусийларнинг ҳарбий нишонларига мунтазам зарба бера бошлади.
Live
Барчаси