Якунига етаётган йилнинг ёқа ушлатган фожиалари
Бу қизиқ
−
31 Декабрь 2020
18453Деярли ҳар ойда кишини ҳайратга солувчи бирор нима содир бўлган 2020 йилни ҳозирги авлод узоқ-узоқ йиллар унутмайди. Чигирткалар ёмғири, иқтисодий таназзул, ўрмон ёнғинлари, зилзилалар самолёт ҳалокат, даҳшатли портлаш, сиёсий низолар ва яна кўплаб ходисалар.
Аммо 2020 йил инсоният тарихига катта эҳтимол билан пандемия ва локдаун бўлиб кирса, не ажаб. Ахир, кўплаб машҳур луғатлар ҳам шу сўзларни йил сўзи деб топгани бежиз эмас.
Пандемия бошлангандан бери дунёда 80 млндан кўп одам коронавирусга чалинди. Ҳозиргача уларнинг 1 750 000 дан ортиғи вафот этди ва бу рақам ўсишда давом этяпти. Қувонарлиси, касалликдан фориғ бўлганлар унга таслим бўлганлардан анча кўп – 45 050 598 нафар ва бу рақам ҳам ўсиб боряпти.
Юқорида айтганимиздек, 2020 йилда дунё COVID-19 пандемиясидан бошқа кўплаб яхши-ёмон ҳодисаларга гувоҳ бўлди. Ҳозир биз якунига етаётган йилда содир бўлган фожиаларни ёдга оламиз.
3 январь. АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари Бағдод халқаро аэропортига дрондан ҳужум уюштирди. Ҳужумда эса Эрон Ислом Республикаси ва Яқин Шарқ минтақасида катта обрўга эга шахс, Ислом инқилоби посбонлари корпусининг махсус “Ал-Қудс” бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймоний ўлдирилди. Унга Эрон ташқи сиёсатининг меъмори, деган таъриф ҳам берилади.
Сулаймонийнинг ўлдирилиши расмий Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги кескин алоқаларни янада таранглаштирди. Эрон ўз генерали учун қасос олишга қасам ичиб, АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базаларига ракета ҳужуми уюштирди. Тўғри, Пентагон ҳужумда ҳеч ким вафот этмаганини, база бўш бўлганини айтиб чиқди. Аммо Теҳрон дунё кўз ўнгида АҚШ базасини бомбалаган давлат сифатида намоён бўлди.
Энг ачинарлиси, биргина Сулаймонийнинг ўлими ортидан яна 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Қандай қилиб дейсизми?
Сулаймоний 8 январь куни ўзи туғилиб ўсган Кермонда дафн этилди. Йўл-йўлакай эса турли шаҳарларда оммавий жаноза маросимлари ташкил этилди. Мана шу жанозалардаги талотўпларда 56 киши ҳалок бўлди. 213 нафари жароҳатланди.
8 январь. Сулаймоний ўлдирилган, АҚШ ва Эрон бир-бирига бор қурол-яроғию замбараклари билан тиш қайраб турганда Теҳрон яқинида Украина халқаро ҳаво йўллари авиакомпаниясига тегишли Boeing-737 самолёти ҳалокатга учради. Кейинроқ маълум бўлдики, самолёт қулаши бахтсиз ҳодиса бўлмаган, АҚШдан ҳужум кутаётган эронлик ҳарбийлар уни “душман” деб ўйлаб, уриб туширган.
Самолётда 176 киши бўлган. Уларнинг ҳеч бири омон қолмади. Эрон ўз айбини тан олиб, қурбонлар оиласига компенсация тўлашга тайёрлигини билдирди. Йил охирига келиб,30 декабрда Эрон ҳалокат қурбонларига 150 минг доллардан компенсация тўлашга тайёрлигини билдирди.
15 январь. Австралия учун фавқулодда қурғоқчил келган 2019 йил ўзи билан ўрмон ёнғинларини олиб келди. Ўтган йилнинг 4-чораги давомида тинмаган ёнғинлар 2020 йилнинг январь ойида шиддат олиб, сўнг ёмғирлар сабаб поёнига етди. Ёнғинда 1 млн гектардан ортиқ ўрмон майдони, ярим миллиард мавжудот билан биргаликда ёниб кетди. Шунингдек, ёнғинлар 100 кишининг ҳаётига зомин бўлди.
Ёнғиндан кейин Австралияни янги табиий офатлар – кучли ёмғир ва сел ўз домига тортди. Энг сўнггида мамлакатга улкан қум бўрони ёпирилди.
Олимлар ёнғинлар сабаб 13 турдаги ҳайвон, жумладан, коала, квокк, ингичка думли қоя валлабилари, жанубий корробори қурбақаси, тарозили асалхўр қуши ва ғарбий ер тўтисининг йўқ бўлиб кетиш хавфи борлигини маълум қилди.
24 январь. Туркиянинг Элязиғ, Малатя ва Диёрбакир вилоятларида 6,8 балли зилзила қайд этилди. Унда жами 41 киши қурбон бўлди. Қурбонларнинг 37 нафари Элязиғдан, 4 нафар Диёрбакирдан. Яна икки киши қўрқув ортидан юрак хуружига учраб вафот этди. Бор-йўғи 45 киши вайроналар остидан соғ-саломат қутқариб қолинган. 76 та бино вайронага айланди. 645 та бино хавфли ҳолатда. 541 та бино ўрта ва оз хавф остида экани айтилмоқда.
2 февраль. Африка шарқидаги Сомали давлати чигирткалар босқини сабаб фавқулодда ҳолат жорий қилди. Бу офат қитъанинг Эфиопия, Миср, Кения каби давлатларига ҳам ёпирилди. БМТ бу Эфиопия ва Сомалида сўнгги 25 йилдаги, Кенияда сўнгги 70 йилдаги энг йирик чигирткалар босқини эканини эълон қилди. Ташкилот офатга қарши курашиш учун 10 млн доллар ажратди.
Чигирткалар сабаб Шарқий Африкада 5 млн киши очликка мубтало бўлиши айтилди. Миллионлаб гектар ер майдонларидаги ўсимликлар нобуд бўлди.
5 февраль. Туркия шарқидаги Ван вилоятида қор кўчкиси юз берди. Натижада йўловчилар бўлган автобус қор остида қолди.
Ван-Боғчасарой йўлида содир бўлган табиий офат 33 кишининг умрига зомин бўлди. Ҳодисада 50 дан ортиқ одам жароҳатланди.
Такрорий кўчки оқибатида қутқарувчилар ҳам зарар кўрди.
9 март. 2020 йилда баҳор ваҳима билан боғланди десак муболаға бўлмайди. Март ойида ўша вақтда кўпчиликка нотаниш бўлган коронавирус кўплаб дунё давлатларига кириб борди. Ҳукуматлар карантин чораларини ўрната бошлади. Бу тезда акс-садо берди. 9 март куни дунёда нефть нархи “қулади”. Brent маркали нефть 31 фоизга, WTI маркали нефть 27 фоиз арзонлашди.
Бу ҳам етмагандек, Саудия Арабистон Россияга қарши нарх урушини бошлади ва нефть ишлаб чиқаришни кўпайтирди. Аммо тез орада расмий Ар-Риёд ва Россия келишди. OPEC+ келишуви амалга ошди. Бироқ бу кўп ҳам ёрдам бермади. Нефть нархи 0 доллардан ҳам арзонроққа тушиб кетди. АҚШда захиралар тугаш даражасига етди. Март ойи охирида Хитойда коронавируснинг жиловланиб, касаллик чекина бошлагач, нефть бозори учун “ёруғлик” кўринди. Негаки, дунёнинг энг йирик нефть истеъмолчиси яна “уйғонаётганди”.
22 май. Pakistan International Airlines (PIA) га тегишли Airbus A320-214 самолёти Карачида ҳалокатга учради. Самолёт Лахор – Карачи йўналишида ҳаракатланаётган бўлган. Самолёт шаҳар четида аҳоли яшовчи туманга қулаган. Ҳаво лайнерида бўлган 99 кишидан (91 нафар йўловчи ва 8 нафар экмпаж аъзоси) 2 нафар тирик қолган. Ҳалокат сабаб ерда 8 киши жароҳатланган, уларнинг бири 31 май куни вафот этди.
25 май. АҚШнинг Миннесота штати маркази Миннеаполис шаҳрида полиция ходими 46 ёшли қора танли Жорж Флойдни қўлга олиш вақтида ўлдириб қўйди. Афроамерикалик полиция ходимининг тиззалари остида эзилиб, нафас ололмай, вафот этди.
Бунинг ортидан АҚШда ирқчиликка қарши бир неча ой давом этган намойишлар бошланди. Намойишлар кенг кўламли тартибсизлик ва вандализмни келтириб чиқарди. Кўплаб шаҳарларда Американи мустақил қилишда ва уни оёққа турғазишда қатнашган шахсларнинг ҳайкаллари вайрон қилинди. Компанияларда оқ танлиларни ишдан бўшатиб, ўрнига қора танлиларни ишга олиш ҳолатлари ҳам кўпайди. Ирқчилликка қарши намойишлар тез орада бутун дунёга тарқалди.
29-30 май. Африкадаги Буркино-Фасо давлатида икки кечада тизимли равишда 58 нафар христиан ўлдирилди. Жумладан, Лорум провинциясида савдо колоннасига ҳужум натижасида 15 киши ҳалок бўлди. 30 майда террорчилар Компиенга провинциясидаги мол бозорида одамларга ҳужум қилди ва 30 кишининг умрига зомин бўлди.
Ўша куни Санматенга провинциясида инсонпарварлик колоннасига ҳужум уюштирилди. Натижада 20 киши жароҳатланди, бир киши бедарак йўқолди.
2 июль. Мьянманинг Качин вилоятидаги нефрит қазиб олинадиган ҳудудда кўчки юз берди. Тоғ жинси 300 метр баландликдан кўчиб тушган. Фожиа оқибатида 162 киши ҳалок бўлди. Яна 54 киши турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилди.
4 август. Ливан пойтахти Байрутда йирик портлаш юз берди. Мамлакат учун муҳим аҳамиятга эга бўлган бандаргоҳнинг кули кўкка совурилди. Бандаргоҳда бир неча йиллардан бери сақланиб келган 2750 тонна аммиакли селитра портлади. Унинг кучи 3,3 балли зилзилага тенг бўлди.
Фожиа оқибатида бандаргоҳ вайрон бўлишидан ташқари, 200 нафарга яқин одам ҳалок бўлди. 6 мингдан ортиқ одам жароҳатланди. Шаҳарнинг ярми портлашдан зарар кўрди. 300 минг одам бошпанасиз қолди. Моддий зарар миқдори 15 млрд долларга баҳоланди.
25 сентябрь. 25 сентябрь куни Украинанинг Харьков вилоятида Ан-26 ҳарбий самолёти ҳалокатга учради. Ҳодиса машғулотлар вақтида юз берди.
Самолётда бўлган 27 кишининг 26 нафари вафот этди. Икки киши оғир аҳволда шифохонага ётқизилганди. Бироқ кейинчалик улардан бири вафот этди.
Ан-26 самолётининг қулашига двигателнинг ишламай қолгани сабаб бўлган. Ҳаво кемаси командири рация орқали двигателда муаммо борлигини айтган.
30 октябрь. Эгей денгизида 6,9 балли зилзила содир бўлди. натижада Туркия ғарбидаги Измир вилоятида бинолар қулаб, вайронага айланди. Зилзила оқибатида 116 киши ҳалок бўлди.
4 ноябргача 17 та бино вайронасида олиб борилган қутқарув-қидирув ишлари натижасида 107 киши қутқарилди. Умумий ҳисобда 1000 дан ортиқ одам жароҳатланди.
Зилзиладан кейин Сафарихисор шаҳрида цунами юз берди ва кўчаларни сув босди. Шунингдек, 67 та афтершок қайд этилди.
Эгей денгизидаги зилзила сабаб Самос оролида ҳам бинолар зарар кўрди. Оролда икки киши ҳалок бўлди.
15 ноябрь. Филиппин пойтахти Манила жойлашган Лусон оролига “Вамко” тайфуни ёпирилди. Натижада пойтахтда 67 киши ҳалок бўлди. 12 киши бедарак йўқолди.
Тайфун 25 минг хонадонга зарар келтирди. Табиий офат етказган моддий зарар 34 млн долларга баҳоланди.
Бундан аввалроқ, “Гони” тропик бўрони натижасида 25 киши ҳалок бўлиб, 6 нафар одам бедарак йўқолганди.
30 декабрь. Сурияда автобусга ҳужум уюштирилиши натижасида 30 киши ҳалок бўлди. Ҳодиса Кабажеб аҳоли пункти яқинидаги Дайр-аз-Зор—Пальмира трассасида юз берди.
Баъзи маълумотларга кўра, автобусда Сурия Президенти Башар Асаднинг укаси Моҳир Асаднинг тўртинчи механизациялаштирилган сара дивизияси аскарлари бўлган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь