Яқин Шарқдаги уруш Россияга таъсир қилмайди – генерал
Олам
−
20 Июнь 5913 2 дақиқа
Бундесвер генерал-майори Кристиан Фройдинг гарчи Москва ва Теҳрон ўртасидаги муносабатлар, жумладан, ҳарбий муносабатларга қарамай, Исроил ва Эрон ўртасидаги уруш Россиянинг Украинадаги урушига таъсир қилмаслигини айтди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Фройдингга кўра, Кремль урушнинг дастлабки йилларида Эрондан дронлар бўйича жуда кучли қўллаб-қувватланган бўлса, ҳозир Россиянинг ўзи бундай дронларни ишлаб чиқаради, уларни такомиллаштирди ва ҳатто ишлаб чиқаришни ҳам оширди. Шундай қилиб, Россия учувчисиз самолётларни етказиб беришда энди Эрон ёрдамига боғлиқ эмас.
“Бир неча ой олдин Эрон Россияни баллистик ракеталарнинг кичик партияси билан қўллаб-қувватлагани ҳақида хабарлар пайдо бўлган, бироқ улар ҳалигача Украинадаги урушда қўлланмаган, шу сабабли Эроннинг ҳарбий амалиётлар жараёнига таъсири ҳам сезилмайди”, дейди генерал.
Унинг сўзларига кўра, сиёсий даражада яқинда имзоланган Россия ва Эрон ўртасида кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги шартномада ҳарбий ёрдам бўйича ҳеч қандай мажбурият йўқ, шунинг учун ҳам икки уруш ўртасида тўғридан тўғри боғлиқлик мавжуд эмас. Яқин Шарқдаги кескинлашув туфайли Россия нефть нархининг эҳтимолий ошишидан қўшимча даромад оладими ёки йўқлигини ҳам олдиндан айтиб бўлмайди.
“Якуний хулосалар чиқаришга ҳали эрта”, деб ҳисоблайди у.
Фройдинг Германия Мудофаа вазирлигининг Украинадаги вазият марказига раҳбарлик қилади, у Россия ўз қўшнисига кенг кўламли босқинни бошлаганидан кўп ўтмай ташкил этилган. Бирлик Германиянинг Украинага ҳарбий ёрдамини мувофиқлаштириб боради, бу АҚШдан кейинги энг йирик ёрдамдир.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь