Яқин Шарқда ядро можароси: Эрон ядровий дастури ҳақида нималар маълум?
Таҳлил
−
16 Июнь 12247 8 дақиқа
Мамлакатлар ўртасидаги қуролли тўқнашувларга ўрганиб қолган замонавий дунё эътибори навбатдаги можарога гувоҳ бўлиб турибди. Сўнгги ўн йилликларда халқаро хавфсизлик кун тартибида доимий муаммо бўлиб келган Эрон ядровий дастури бугун яна глобал эътибор марказига қайтди. 13 июнь куни Исроил томонидан амалга оширилган кескин ҳарбий ҳужумлар бу масалани янги босқичга олиб чиқди. Ўт очиш фақат икки давлат ўртасидаги низо эмас, бу уруш хавфи бутун Яқин Шарқ минтақасида ядро инқирози юзага келиши эҳтимолини кучайтиради. Эрон ядро дастурининг табиати хоҳ тинчлик бўлсин, хоҳ қуролланиш нафақат геосиёсий манфаатлар, балки глобал хавфсизлик ва халқаро ҳуқуқ мезонларига оид фундаментал саволларни ўртага қўймоқда. Мақолада айнан шу мураккаб масаланинг тарихий илдизлари, сиёсий тафсилотлари ва бугунги ҳолатини таҳлили ҳақида сўз боради.
Исроилнинг Эрон ядровий объектлари, олимлари ва ҳарбий етакчиларига ҳужуми

Ўнлаб йиллик таҳдидлардан сўнг, 13 июнь куни Исроил ҳужум бошлади ва Бош вазир Биньямин Нетаньяху бу операция Эроннинг ядровий қуролланиш дастурига зарба эканини айтди. Бироқ АҚШ разведкаси ҳамда бошқа халқаро баҳолашларга кўра, Эроннинг ҳозирги ядровий дастури ҳарбийлаштирилмаган. Теҳрон ҳам атом бомбаси ясаш нияти йўқлигини таъкидлаб келмоқда. Шунга қарамай, бу Эрон бомбани ярата олмаслигини англатмайди.
Эрон ўн йиллаб ўзининг ядровий дастурини ривожлантириб келмоқда ва уни миллий ғурур ва суверенитет тимсоли сифатида кўради. Мамлакат бу дастур фақат тинч энергия мақсадларига хизмат қилишини, ички энергия эҳтиёжларини қондириш ва экспорт учун кўпроқ нефть ажратиш мақсадида қўшимча атом электр станциялари қуришни режалаштираётганини айтиб келади.
Уран ядровий электр станцияларига ёқилғи сифатида зарур модда бўлиб, БМТнинг ядровий кузатув агентлигига кўра, Эронникидек уранга эга бўлган бошқа бирор давлат йўқки, у ядро қуроллари дастурига эга бўлмаса. Бу қараш Эрон ўз мақсадларини яширмоқда, деган шубҳаларни кучайтиради.
Эрон ядровий дастури қачон бошланган?

1957 йилда АҚШ ва Эрон “Atoms for Peace” (“Тинчлик учун атом”) ядровий дастури бўйича ҳамкорликни бошлаган. Эрон ўша пайтда АҚШнинг ишончли дўстларидан бўлган, уни Ғарб билан яқин алоқаларга эга шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий бошқарган. АҚШ ёрдами билан Эрон 1970 йилларда ядровий энергия дастурини ривожлантира бошлади. Аммо 1979 йилда коррупция ва ижтимоий тенгсизлик оқибатида диндор, талаба ва ўрта синф қатламидан иборат эронликлар инқилоб ўтказди ва ғарбпарастликда айбланган шоҳ ағдарилиб, мамлакат ислом давлатига айлантирилди. Шундан сўнг, АҚШ турли жабҳалардаги ёрдамини тўхтатди.
CNN нашрининг ёзишича, Ислом Республикасига айланган Эроннинг ядровий имкониятларидан Ғарб давлатлари хавотирда, чунки бу дастур орқали бойитилган урандан атом бомбаси ишлаб чиқариш мумкин. Эрон эса ядровий қурол ясаш нияти йўқлигини таъкидлайди. У БМТнинг Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномасига аъзо бўлиб, бомба ишлаб чиқмаслик мажбуриятини олган.
Эрон ядровий иншоотлари қаерда жойлашган?

Исроил зарбалари энг йирик уран бойитиш маркази Натанзга қаратилган, аммо етказилган зарар даражаси ҳозирча номаълум. Эрон 1960 йиллардан бери ядровий инфратузилмани ривожлантириш устида ишлаб келади, баъзан буни ер остида жойлашган объектларда яширинча амалга оширади. Мамлакат уран қазиб олишдан тортиб, бойитишгача бўлган деярли барча босқичларни ўзи бажара олади.
Нега бу дастур шунчалик баҳсли?
Эрон ядровий дастури атрофидаги энг катта тортишув бу уран бойитиш жараёни билан боғлиқ. Бу жараён электр энергияси ишлаб чиқарувчи станциялар учун ёқилғи тайёрлашда ишлатилади, бироқ агар юқори даражада бойитилса, ундан ядровий бомба ҳам ясаш мумкин.
2000 йилларнинг бошларида халқаро инспекторлар Натанздаги заводда юқори даражада бойитилган уран излари топилганини эълон қилди. Шундан сўнг, Эрон уранни бойитиш ишларини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган, аммо 2006 йилда яна ҳаракатларни давом эттириб, бу Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) билан имзоланган келишувларга зид эмаслигини билдирган. Бу эса Эрон устидан йиллар давомида халқаро санкциялар жорий этилишига сабаб бўлган.
Кўп йиллик музокаралардан сўнг, 2015 йилда Эрон ва P5+1 (АҚШ, Буюк Британия, Франция, Россия, Хитой ва Германия) ядровий келишувга эришди. Унда Эрон ядровий таҳдиди камайтирилиши эвазига санкцияларнинг енгиллаштирилиши белгиланган эди. Келишувга биноан, Эрон уран бойитиш даражасини 3,67% дан оширмаслиги, уран захираларини кескин камайтириши ва центрифуга (уранни бойитиш учун ишлатиладиган машина)ларни босқичма-босқич тугатиши лозим эди.
Уран фақат 90% тозалик даражасига етганида бомба учун яроқли бўлади. Электр энергияси ишлаб чиқарувчи ядровий станциялар учун эса 3,5% дан 5% гача бойитилган уран етарли.
Эрон ядровий қуролга эгами?
Реал ҳолатда Эроннинг ядровий бомба ясашга қанчалик яқинлиги аниқ эмас, бироқ бу мамлакат ядро қуролини яратиш борасида муҳим босқич – юқори даражада бойитилган уран ишлаб чиқаришни босиб ўтди. Сўнгги йилларда Эрон қурол даражасига етадиган уран миқдорини ишлаб чиқариш вақтини кескин қисқартирди. Ҳозирда у битта бомба учун етарли материални атиги бир ҳафтада тайёрлаши мумкин.

АҚШ Президенти Дональд Трамп 2018 йил, ўзининг биринчи президентлик даврида Эрон ядровий келишувидан чиқиб, мамлакат иқтисодиётини издан чиқариш мақсадида санкцияларни кучайтирди. Бунга жавобан Теҳрон келишувнинг айрим бандларига энди риоя қилинмаслигини эълон қилди ва уран бойитиш, захира йиғиш ҳамда илғор центрифугалардан фойдаланишни бошлаб юборди. Шунингдек, илгари ўрнатилган ХАЭА кузатув ва мониторинг жиҳозларини олиб ташлади. Кейинчалик Байден маъмурияти ядровий келишувни тиклаш мақсадида Эрон билан бир йилдан ортиқ давом этган билвосита музокараларни бошлади, аммо бу музокаралар 2022 йилда натижасиз якунланди.
2023 йилда ХАЭА Эрон ядровий иншоотида 83,7% даражагача бойитилган уран заррачаларини аниқлади, бу бомба даражасига яқин кўрсаткич эди. Шунингдек, 60% гача бойитилган уран захираси 128,3 килограммгача кўпайгани қайд этилди, бу агентлик ҳужжатлаштирган энг юқори миқдор эди. Ўтган йили АҚШ Эронга нисбатан “breakout time”, яъни ядровий бомба учун етарли материал ишлаб чиқариш учун зарур вақтни “бир ёки икки ҳафтагача” деб таъкидлади.
ХАЭАнинг ўтган ой охиридаги ҳисоботига кўра, Эроннинг 60% даражагача бойитилган уран захираси ҳозирда 408 килограммга етган. Агентлик мезонларига кўра, бу миқдор тўлиқ қурол даражасигача бойитилса, 9 та ядровий бомба учун етарли бўлади.
Бойитилган уран ўзи нима?
Бойитиш бу ядровий реакторларни қувватлантиришда ва юқори даражада тўпланганда ядровий қурол ясашда ишлатиладиган махсус уран шакли – уран-235 миқдорини кўпайтириш жараёнидир. Табиий ураннинг 99,3% қисмини уран-238 ташкил қилади, бу на электр энергияси ва на бомба учун яроқли. Фақат 0,7% уран-235 бўлиб, энергия чиқаришда айнан шу изотоп ишлатилади.

Атом энергияси ишлаб чиқариш учун шу 0,7% уран-235 ни концентрациялаш керак бўлади. Бунинг учун уран аввал газ ҳолатига ўтказилади, сўнг юқори тезликда айланувчи центрифугаларда айлантирилади. Бу машиналар уран-235 ни уран-238 дан ажратиб олади, айнан шу жараён бойитиш деб аталади. Атом электр станцияларида ишлатиладиган уран одатда 3,67% даражагача бойитилади. Ядровий бомба ясаш учун эса ураннинг бойитилиш даражаси 90% гача етиши керак.
Центрифугалар уранни бойитиш учун жуда муҳим, у қанчалик илғор бўлса, уран-235 ни шунчалик тез ва самарали ажрата олади, бу эса ядровий ёқилғи ёки ҳатто қурол тайёрлаш вақтини сезиларли қисқартиради. Эрон центрифуга технологиясини ўтган ўн йилликлар давомида ривожлантириб келмоқда. 1980 йилларда IR-1 моделидан бошлаб, ҳозирда IR-6 ва IR-9 каби илғор моделлардан минглаб нусхада фойдаланмоқда.
Қуроллар назорати уюшмаси (Arms Control Association) маълумотига кўра, Эрон бугунги кунда мавжуд центрифуга қуввати билан бомба учун зарур бойитилган уранни икки ҳафтадан кам вақт ичида ишлаб чиқариши мумкин.
Эрон ядровий дастурига қандай зарба берилган?

Теҳрондан 250 километр жанубда жойлашган Натанз ядровий мажмуаси олов ичида қолдирилгани айтилмоқда. Бу комплекс Эроннинг энг йирик уран бойитиш маркази ҳисобланади. Таҳлилчиларнинг фикрича, бу ерда бойитиш учун зарур центрифугалар ишлаб чиқарилади ва йиғилади.
ХАЭА маълумотларига кўра, қолган учта ядровий иншоот – Фордо, Исфаҳон ва Бушеҳр зарар кўрмаган.
Турли манбаларда Исроил зарбалари оқибатида Эроннинг 6 дан 14 нафаргача бўлган ядро олимлари ҳалок бўлгани айтилмоқда. CNN билан суҳбатлашган ҳарбий экспертлар таъкидича, Эрон ўз ядровий иншоотларини ҳарбий ҳужумлардан ҳимоя қилиш учун йиллар давомида мустаҳкамлаб келган. Баъзи объектлар еростига қурилган бўлиб, Исроил қуроллари етиб бора олмайдиган даражада чуқур жойлашган.
Эрон ядровий дастурига доир баҳслар тарихий, сиёсий ва технологик даражаларда кесишмоқда. Эрон ўзининг бу соҳадаги фаолиятини энергетика эҳтиёжлари ва миллий суверенитет рамзи сифатида кўрсатса, Ғарб мамлакатлари, АҚШ ва Исроил уни хавфли ҳарбий салоҳият деб баҳоламоқда. 2015 йилдаги ядровий келишув бу қарама-қаршиликка вақтинча мувозанат киритгандек бўлди, бироқ Трамп маъмуриятининг шартномадан чиқиши ва Теҳроннинг сўнгги йиллардаги бойитиш даражасини ошириш ҳаракатлари минтақада хавф омилларини янада кучайтирди. Исроилнинг сўнгги ҳужуми эса бу мураккабликни кескинлаштирди. Эрон ҳозирда технологик жиҳатдан ядровий бомба тайёрлаш имкониятига ниҳоятда яқин турибди, бу эса бутун дунё ҳамжамиятидан адолатли ва узоқ муддатли ечим топишни талаб қилади.
Live
Барчаси