Ядро қуроллари тарихда қолиши керак – БМТ Бош котиби
Олам
−
29 Август 2022
3272Жаҳон ҳамжамияти ядровий қурол синовларидан абадий воз кечиши ва бу турдаги қуроллар тарихда қолиши керак. Бу ҳақда кеча, 28 август куни БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш маълум қилди.
“Бизнинг дунё етарлича вақт давомида ядро қуроли гаровида бўлиб келган. Бу ўлим қурилмалари на ғалабани, на хавфсизликни кафолатламайди, улар фақат йўқ қилиш учун мўлжалланган. Келинг, ядро қуроли синовлари абадий тугашини таъминлайлик ва ядровий қуролларни бир марта ва абадий тарихга киритайлик”, дейди у Twitter саҳифасида.
Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқот институти маълумотларига кўра, 2022 йилда ядро қуролидан фойдаланиш хавфи “совуқ уруш” давридан бери энг юқори чўққисига чиққан. Институт маълумотларига кўра, жойлаштирилган жанговар каллаклар сони бўйича биринчи ўринда Қўшма Штатлар (1744 та, 3708 та захира билан), иккинчи ўринда Россия (1588 та, 4477 дона) туради.
Маълумот ўрнида, 29 август – Халқаро ядровий синовларга қарши кураш куни. У БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2009 йил 2 декабрда Қозоғистон ташаббуси билан ташкил этилган. Сана 1991 йил 29 августда Қозоғистоннинг Семипалатинск шаҳрида жойлашган дунёдаги энг йирик ядро полигонларидан бирининг ёпилиши билан боғлиқ. Бу кун 2010 йилдан бери ҳар йили нишонланади.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси