Яҳудийларнинг зиёрати Фаластинда тўқнашувга сабаб бўлди – ОАВ
Олам
−
10 Май 2022
8649Исроил аскарлари ишғол қилинган Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилининг шимолидаги Наблус шаҳрида тартибсизликлар чоғида 8 нафар фаластинликни яралади. “Anadolu” агентлигининг маълумотларига кўра, яҳудий кўчманчилар Исроил қўшини ҳамроҳлигида Наблусга бостириб, автобусда Юсуф пайғамбар қабрига борган.
Фаластинликлар, қабр яқинидаги Амман кўчасида Исроил ҳарбий машиналарига молотов коктейли ва тош отиб, йўлни тўсиб қўйишга ҳаракат қилган.
Исроил ҳарбийлари фаластинликларга қарата ўқотар ва травматик қуроллардан ўт очган, кўздан ёш оқизувчи газ ва шовқинли гранаталардан фойдаланган.
Фаластин Қизил Ярим Ой жамиятининг Фавқулодда Хизмати директори Аҳмед Жибрилнинг нашрга берган маълумотига кўра, ғалаёнлар натижасида 8 нафар фаластинлик ўқотар қуролдан жароҳатланган, яна 13 нафари кўздан ёш оқизувчи газнинг салбий таъсиридан жабрланган.
Жибрилнинг сўзларига кўра, жабрланганлар орасида ўқдан яраланган ёш фаластинлик ҳам бор. Ярадорларнинг уч нафари Наблусдаги Рафидия шифохонасига етказилган.
Яҳудийлар Наблуснинг шарқида жойлашган Юсуф қабрини зиёратгоҳ деб билишади.
Яҳудийлар Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги Наблус шаҳридаги қабрда Юсуф пайғамбарнинг қабри борлигига ишонишади. Аммо кўпчилик археологлар қабр унчалик қадимий эмаслиги ва унда Юсуф ад-Дувайкат исмли мусулмон дафн этилган, деб ҳисоблашади.
Сўнгги уч ҳафта ичида Исроилда содир этилган тўртта ҳужумда ўн тўрт нафар исроиллик ҳалок бўлди.
Исроил армиясининг Ғарбий соҳилга уюштирган рейдларидан сўнг минтақада зўравонликлар кучайиб, камида 20 нафар фаластинлик ҳалок бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Шарқий Фаластинда кескинлик кучайгани учун жиддий хавотирда эканини билдириб, муаммони БМТ резолюцияларига мувофиқ ҳал этишга чақирди.
LiveБарчаси